"Бу сўнгги 24 соат ичида Сурияда фаолият юритаётган америкалик ходимларга қилинган ҳужумларга жавоб бўлди", дея ҳужумга изоҳ берди АҚШ Марказий қўмондонлиги.
Маълум қилинишичa, ҳаммаси бўлиб тўққизта нишонга зарба берилган. Ҳарбийлар қайси объектлар нишонга олингани ва уларни қайси гуруҳлар назорат қилаётганига аниқлик киритмади. Бироқ уларнинг ҳаракатлари Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланганлиги, зарбалар эса бу қуролли гуруҳларнинг АҚШ ва халқаро коалиция кучларига ҳужум қилиш имкониятларини камайтириши қайд этилди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Суриядаги Америка ҳарбий контингенти 900 га яқин кишидан иборат бўлиб, халқаро коалиция таркибида ИШИД террорчиларига қарши курашмоқда. Октябр ойида АҚШ ҳарбийлари ҳаво ҳужумлари натижасида ИШИДнинг 35 нафар жангариси йўқ қилинганини маълум қилган эди.