АҚШнинг 17 ёшгача бўлган футболчилардан иборат терма жамоаси хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб Қатарда ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этмасликка қарор қилди.
USA Today маълумотига кўра, бунга Яқин Шарқдаги кескинлик ва Қатар яқинидаги сув ҳудудларида кемалар билан боғлиқ ҳодисалар сабаб бўлган. АҚШ Давлат департаменти Қатарга сафар қилиш хавфини учинчи даражага кўтарган.
«Футболчиларимиз ва мураббийларимизнинг тайёргарлигидан фахрланамиз. Аммо ҳозирги шароитда мусобақада қатнаша олмаймиз. Ўйинчилар ва ходимларимиз хавфсизлиги доимо биринчи ўринда туради», — дейилади АҚШ футбол федерациясининг жамоа аъзоларига юборган мактубида.
U-17 Жаҳон чемпионати 19 ноябрдан 13 декабргача Доҳада ўтказилиши режалаштирилган. АҚШнинг мусобақадан чиқиши ҳозирча расман эълон қилинмаган. ФИФА регламентига кўра, иштирокдан воз кечган жамоа бошқаси билан алмаштирилиши мумкин.