АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти БМТ, ЮНЕСКО ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га Америка томонидан амалга ошириладиган тўловларни вақтинча тўхтатиб туришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда жума куни Оқ уй эълон қилган 2026 молиявий йили учун АҚШ федерал бюджети лойиҳасида баён этилган. Мазкур молиявий йил мамлакатда 1 октябрдан бошланади.
Ҳужжатга кўра, Трамп маъмурияти «БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга ихтиёрий тўловларни тўхтатиш» ҳисобига 1,7 миллиард доллар миқдорида харажатларни қисқартиришни таклиф қилмоқда. Хусусан, БМТ, ЮНЕСКО ва ЖССТ бюджетларига тўланадиган ҳиссалар ҳақида сўз бормоқда.
Бюджет лойиҳасида таъкидланишича, АҚШ президенти ўз ихтиёрига кўра ушбу ташкилотларга тўловларни амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай мақсадлар учун 2,9 миллиард долларлик махсус фонд ташкил этиш таклиф қилинмоқда ва ундан «стратегик инвестициялар» учун фойдаланиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда БМТ доирасидаги айрим «зиёнда бўлган тинчликпарварлик миссиялари»ни молиялаштиришдан воз кечиш ҳисобига яна 1,6 миллиард доллар миқдорида харажатларни қисқартириш таклиф этилган.