Агар Европа моддий томондан таъминласа, АҚШ жорий йилда Украинага 12–15 миллиард долларлик қурол сотишга тайёр — NATO бош котиби.
Марк Рюттенинг сўзларига кўра, гап фақат АҚШ тақдим эта оладиган стратегик тизимлар ҳақида кетмоқда, Европа эса бунинг учун тўловларни амалга ошира олади.
"Мен Киевга қурол етказиб беришлар давом этишига ва бунинг учун етарли маблағ тўплай олишимизга ишонаман. Бу учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз", — дея қўшимча қилди алянс бош котиби.
Маълумотларга кўра, европаликлар Украина учун АҚШ қуролларини PURL дастури орқали сотиб олмоқда, чунки Вашингтон Киевга бериладиган беғараз ҳарбий ёрдамни тўхтатган.
Рютте ушбу дастур доирасидаги асосий етказиб беришлар ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларига тааллуқлилигини билдирди.
Бироқ ҳозирча Европа Америка қуролларини харид қилиш учун 15 миллиард доллар ажратишга тайёр эканини тасдиқловчи маълумот йўқ. Яқинда бўлиб ўтган “Рамштейн” учрашуви чоғида PURL дастури доирасида Украинага 500 миллион доллар ажратилиши ваъда қилинган.