Бугун 12 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

АҚШ Ҳизбуллоҳнинг заифлашганидан Ливаннинг янги президентини сайлашда фойдаланмоқчи

АҚШ Ҳизбуллоҳнинг заифлашганидан Ливаннинг янги президентини сайлашда фойдаланмоқчи

Америка расмийларининг айтишича, Оқ уй Исроилнинг Ҳизбуллоҳ раҳбарияти ва инфратузилмасига қарши оммавий ҳужумидан фойдаланиб, яқин кунларда Ливанда янги президент учун сайловлар ўтказишга эришмоқчи.

Зеро, Ливан қарийб икки йилдан бери президентсиз бошқарилиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатда беқарорликни кучайтириб, сиёсий ва иқтисодий инқирозни чуқурлаштирмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Ҳизбуллоҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ, юқори даражадаги қўмондонлари ва бошқа аъзоларининг Исроил ҳаво ҳужумларида ўлдирилиши ҳаракатни заифлаштирган.

Насруллоҳ ўзининг иттифоқдоши бўлмаган Сулаймон Франжьенинг президент этиб сайланиши учун бўлган ҳар қандай уринишларига тўсқинлик қилиб келмоқда.

Номзодлардан яна бири Ливан қуролли кучлари қўмондони генерал Жозеф Аун бўлиб, уни АҚШ ва Франция қўллаб-қувватлайди. Ливан Қуролли Кучлари мамлакатдаги урушдан кейинги ҳар қандай келишувда асосий ўйинчи бўлади.

Насруллоҳ ўлган ва Ҳизбуллоҳ сўнгги йиллардаги энг заиф даражага тушган пайтда Байден маъмурияти ҳаракатнинг Ливан сиёсий тизимига таъсирини кескин камайтириш ва шиа қаршилиги билан иттифоқдош бўлмаган янги президентни сайлаш имконияти бор деб ҳисоблайди, деди икки АҚШ расмийси.

Ливан сиёсий тизими турли диний мазҳаблар ўртасидаги ҳокимият тақсимотига асосланган. Президент лавозимини эса насроний динига мансуб номзод эгаллайди.

2022 йил октябрь ойи охирида Ҳизбуллоҳ билан яқин алоқада бўлган собиқ президент Мишел Ауннинг ваколат муддати тугади. Ўшандан бери Ливан парламенти янги президент номзоди бўйича консенсусга эриша олмаяпти.

АҚШ, Франция ва бир қанча араб давлатлари, жумладан Саудия Арабистони ва Қатар икки йил давомида мамлакатнинг турли сиёсий партиялари ўртасида муросага келиш учун воситачилик қилишга уринди, аммо деярли ҳар бир ташаббус Ҳизбуллоҳ томонидан барбод қилинди.

“Биз Ливан ҳукумати тизимдаги носозликни енгиб ўтиши кераклигини ҳамда ушбу носозлик айбдори Ҳизбуллоҳнинг кейинги президент ким бўлиши масаласига вето қўйгани эканига ишонамиз. Бу ҳақиқат бўлиб қолмоқда”, - деди пайшанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метью Миллер.

Икки америкалик мулозимнинг айтишича, Оқ уй Ливандаги мавжуд вазиятни мамлакатдаги президентлик сайловлари бўйича боши берк кўчадан чиқиш учун имконият сифатида кўради ҳамда бу Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида ўт очишни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлардан ҳам устувор вазифа бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Киритилди: 19:45 05.10.2024. Ўқилди: 1490 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!