АҚШ Фаластин президенти Маҳмуд Аббосга Нью Йоркда ўтадиган БМТ Бош ассамблеясида қатнашиш учун кириш визасини бермади. Бу ҳақда 16 сентябрь куни вазиятдан хабардор манба маълум қилди.
АҚШ Давлат департаменти Аббоснинг исмини тилга олмаган ҳолда алоҳида баёнот берди. Унда Фаластин Озодлик ташкилоти (ФОТ) ва Фаластин маъмурияти расмийларига визалар берилмаслиги айтилган.
Ташкилот хабарида айтилишича, бунга расмийларнинг ислоҳотлар ўтказмагани сабаб бўлган. Шунингдек, уларнинг бу хатти-ҳаракатлари тинчлик ўрнатишга халақит бераётгани таъкидланган. AFP нашри манбаси бу чеклов Маҳмуд Аббосга ҳам тааллуқли эканини тасдиқлади.
Трамп маъмурияти 2025-йилда ҳам шундай йўл тутган эди. Ўшанда БМТ Бош ассамблеясида Фаластин етакчиси видео орқали мурожаат қилишга мажбур бўлган. Давлат департаментининг 16 сентябрь кунги баёнотида ФОТ ва Фаластин маъмурияти ўз мажбуриятларини яна бажармаганини билдирди.
“Бу халқаро ташкилотларда аввалги мажбуриятларга зид бўлган ҳаракатларни бошлаш ва қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади”, дейилади баёнотда.
Фаластин маъмурияти 17 сентябрь куни АҚШнинг бу қарорини кескин қоралади. Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида буни асоссиз чора деб атади. Вазирликнинг таъкидлашича, бу қарор ишончни қайта тиклаш ва Фаластин-АҚШ муносабатларини ривожлантириш саъй-ҳаракатларига зид келади.