Бугун 12 февраль, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Андижонда дала ҳовли сотиб олиниб, нарколабораторияга айлантирилганлиги маълум бўлди

Андижонда дала ҳовли сотиб олиниб, нарколабораторияга айлантирилганлиги маълум бўлди

Божхона қўмитасининг Тошкент ва Андижон вилоятлари божхона бошқармаларининг Контрабандага қарши курашиш бўлимлари, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент ва Андижон вилоятлари бошқармалари ҳамда Ички ишлар идоралари вакилларидан иборат махсус тезкор гуруҳ синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаб келинган йирик нарколаборатория фаолиятини фош қилишди.

Ўтказилган кенг қамровли тезкор-қидирув тадбирлари давомида дастлаб Тошкент вилоятининг Зангиота туманида олдиндан кузатувга олинган шахс тўхтатилиб, текширилганида унинг ёнида 2 минг сўмлик купюрага ўралган ҳолатда 0,13 гр. "гашиш" гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланади.

Наркожиноятнинг илдизига етиб бориш ва тўлиқ бартараф этиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг кўрсатмасига асосан Тошкент катта ҳалқа йўлининг Зангиота туманидан ўтувчи қисмидаги йўл четида жойлашган омбор кўздан кечирилди. Натижада бу ерда 5 дона металл ва елим идишларда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланиладиган 900 литр прекурсор сақланаётганлиги аниқланди.

Калаванинг учи тезкор ходимларни Андижон вилояти сари етаклади. Тезкор тадбирда яна 2 нафар шахс шубҳа остига олиниб, яширин кузатилганида улар турли манзил ҳаволалар бўйича кўмиб қўйилган 100 литр суюқ ва 25 кг. кукун кўринишидаги прекурсорларни яширилган жойидан олиб, Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги дала ҳовлига олиб боришади.

Тезкор тадбир давомида ушбу дала ҳовли ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда яширин нарколаборатория ташкил қилингани фош бўлди.

Дала ҳовлида жами 26 кг. оғирликдаги “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси, номаълум кимёвий суюқлик шаклидаги 5 турдаги 590 литр прекурсорлар сақланаётганлиги аниқланди.

Дастлабки текширувлар давомида маълум бўлишича, ушбу 2 нафар шахс ижтимоий тармоқлардаги “Саймон” лақабли молиявий раҳнамоси кўмагида 15 минг 800 АҚШ долларига ушбу дала ҳовлини сотиб олишган ва нарколаборатория ташкил қилишган.

Шундай қилиб, ўтказилган кенг қамровли ва кўп босқичли тезкор тадбирлар якунида 26 кг. оғирликдаги “мефедрон” ҳамда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда қўлланиладиган салкам 1,5 тонна прекурсорлар ва кимёвий суюқликлар, турли махсус анжомлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён республикамиз бўйлаб божхона органлари томонидан 200 кг. дан зиёд анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситалари, 27 кг. психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 3 ноябрдаги Фармонида яширин нарколабораториялар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қўлбола усулда қадоқловчи цехларни аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун фойдаланиш мумкин бўлган кимёвий моддалар (прекурсорлар) айланмаси устидан қатъий давлат назоратини ўрнатиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар зиммасига аниқ вазифа ва топшириқлар юкланган.

Киритилди: Бугун 17:33. Ўқилди: 357 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!