Намойишларни ўтказишни вақтинча тақиқлаш, полиция патруллари сонини кўпайтириш ва яҳудий муассасаларини қўриқлашни кучайтириш ҳақида матбуот анжуманида Амстердам мэри Фемке Халсема маълум қилди. Кучайтирилган хавфсизлик чоралари 8 ноябр, жума кунидан кучга кирди ва дам олиш кунлари давомида амал қилади.
8 ноябрга ўтар кечаси Исроилнинг “Маккаби” клуби ва Нидерландиянинг “Аякс” клуби ўртасидаги футбол ўйинидан сўнг ўнлаб исроиллик мухлислар ҳужумга учради. Ниқоб таққан ва Фаластин байроқларини кўтарган одамлар “Маккаби” мухлисларини калтаклаган ва исроиллик ишқибозлар яшайдиган меҳмонхоналарга бостириб киришга уринган. Ҳодиса оқибатида камида 10 нафар исроиллик жабрланган, айни пайтда ҳужумга алоқадор бўлган 62 киши қўлга олингани маълум.