Суриянинг собиқ юқори мартабали амалдори, қамоқхона бошлиғи ва губернатори Самир Усмон Ал-Шайх қийноқлар ва иммиграция ҳужжатларида фирибгарлик қилишда айбдор деб топилди.
Самир Усмон Ал-Шайх 2005-2008 йиллар давомида Дамашқдаги Адра қамоқхонаси раҳбари сифатида Башар Асад режими учун хизмат қилган. АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, у маҳбусларга азоб бериш буйруқларини берган ва шахсан қийноқларда қатнашган.
Маҳбусларни «жазо ҳудуди»га юбориб, уларни калтаклашган. Қўлларини шифтга осиш, махсус қурилмалар орқали танани букиш каби ҳаракатлар натижасида кўпчиликнинг умуртқа поғонаси синган.
Бу қийноқлардан асосий мақсад Сурия мухолифати аъзоларини бошқарувга қарши ҳаракатлардан тўхтатиш бўлган.
Ал-Шайх 2020 йилда АҚШ визасини ва 2023 йилда фуқароликни қўлга киритиш учун ҳужжатлар топширганида, ўзининг Сурияда мухолифатчиларга нисбатан тазйиқ ўтказмаганини ёлғон маълумот сифатида кўрсатган. Аммо у жорий йилнинг июль ойида фирибгарлик гумони билан Лос-Анжелес аэропортида ҳибсга олинган.
Тергов давомида маълум бўлдики, у Ливанга қочмоқчи бўлган. Шунингдек, унинг сиёсий мухолифларга қарши курашувчи Сурия давлат хавфсизлик хизматида фаолият юритгани ҳам аниқланган.
Ал-Шайх қийноқлар учун 20 йилгача, иммиграция ҳужжатлари билан боғлиқ фирибгарлик учун эса 10 йилгача қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкин.