Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Аллоҳ билан муомалани йўлга қўювчи илм

Аллоҳ билан муомалани йўлга қўювчи илм

Илмларнинг энг зарурийси банданинг Робби билан муомаласини йўлга қўювчи илмдир. Мазкур муомала учга тақсимланади:

1. Эътиқод;

2. Амал;

3. Тарк қилиш.

Ёш бола балоғатга етганида унинг зиммасига фарз бўладиган биринчи нарса шаҳодат калималарини ўрганиб, маъноларини тушунишдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим кўрмаган араблардан тасдиқни эшитиш билан кифояланганлар. Улардан далил талаб қилмаганлар.

Юқоридаги ҳукм маълум бир вақтнинг фарзи бўлади. Кейин назар солиш ва далилни ўрганиш фарз бўлади.

Эътиқодга оид бошқа нарсаларни ўрганиш ҳам вазиятга қараб фарз бўлиб бораверади. Мисол учун, шаҳодат калималари маъноси ҳақида шак пайдо бўлса, бандага ўша шакни кетказадиган илмни ўрганиш фарз бўлади. Қайта тирилиш, жаннат, дўзах каби ақийда масалаларини ўрганиш вожиб бўлади.

Шунингдек, маълум бир амални бажариш вақти келганда унга оид ҳукмларни ўрганиш фарз бўлади. Намоз ўқиш ёшига етган киши учун таҳорат ва намозга оид ҳукмларни ўрганиш, Рамазонга соғ-саломат етиб келган балоғат ёшидаги киши учун рўза ибодатига оид шаръий ҳукмларни ўрганиш фарз бўлади.

Нисобга етган ва шу молига бир йил тўлган кишига закотнинг ҳукмларини ўрганиш фарз бўлади. Ҳаж вақти келганда, уни адо этишга шароити бўлган мусулмонга ҳажнинг ҳукмларини ўрганиши фарз бўлади.

Тарк қилиниши лозим бўлган нарсалар ҳолатга қараб ўзгариб туради. Мисол учун, кўзи ожиз киши учун назар солиш ҳаром бўлган нарсаларни ўрганиш фарз бўлмайди. Шунингдек, соқов киши учун гапириш ҳаром бўлган каломни ўрганиш фарз бўлмайди.

Хамр ичиш ва ипак кийиш тарқалган диёрда яшайдиган банда учун мазкур нарсаларнинг ҳаромлигини ўрганиш фарз бўлади.

Баъзи илмларни ўрганиш мубоҳ саналади. Маъноли шеър ва хабарларнинг тарихини ўрганиш шу жумладандир.

Баъзи илмлар мазаммат қилинади. Мисол учун, сеҳр ва тилсим илмини ўрганиш.

Шаръий илмларнинг барчаси мақталгандир. Улар усул – асл шаръий илмлар, фуруъ – шохобча шаръий илмлар, муқаддима илмлар ва тўлдирувчи илмларга тақсимланади.

1. Асл шаръий илмлар Қуръони Карим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, умматнинг ижмоъси ва саҳобаларнинг асарларидан иборатдир.

2. Шохобча шаръий илмлар мазкур асл илмлардан фаҳмланган ва улардан ақл орқали тушуниб олинган илмлардир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, фақиҳларнинг қиёс ва бошқа қоидаларни ишга солиб чиқарган ҳукмларига оид илм.

3. Муқаддима илмлар Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билишга хизмат қиладиган наҳв ва луғат илмларига ўхшаш илмлардир.

4. Тўлдирувчи илмларга қироатлар илми, тажвид илми, ҳадис ривоятчиларининг исмлари, одиллиги ва таржимаи ҳолларига оид илм ва бошқалар киради.

Manba: islom.uz

Киритилди: 22:20 10.10.2019. Ўқилди: 2075 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!