Бугун 5 март, 2021 йил, жума

O'ZB

Алишер Қодиров: "Бу – биз эмасмиз"

Алишер Қодиров: "Бу – биз эмасмиз"

Ҳокимиятнинг ягона манбаси инсонлардир. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланиши жамиятнинг хотиржамлиги ва тараққиётини таъминлайди. Инсон ҳуқуқини таъминлаш моҳиятан ҳар қандай ҳокимиятнинг фундаментал вазифаси бўлиши керак.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги маърузасида мазмунан шу фикрни таъкидлади. Ҳатто ҳайвонни камситишни таъқиқлаган динга эътиқод қилувчи халқни инсонга азоб бериш, қийноққа солиш, бола ёки аёлни таҳқирлашдек муаммоси бўлиши мумкинми?

Афсуски, сўнгги юз-юз эллик йилда маърифатни рад этиш, тарбияни унутиш, минглаб йилларда қилинган қаноатлардан воз кечиш оқибатида ўзини танимайдиган халқ бўлиб қолдик. Беш ёшидан муқаддас китобларни ёд олган Бухорий ва Навоийларимизнинг қўлидаги китобини отиб юбориб чанг босган пахта даласига ҳайдаб солдик. Илм-маърифат тарқатувчиси ўқитувчиликни энг ҳақир касбга айлантириб, оёқости қилиб, кўча тозалатдик.

Ҳозир эса, чумолига озор беришни гуноҳ деб билган халқ ичида инсон жонига азоб беришдан завқланадиганлар, онасининг розилигисиз икки дунёсининг куйиб кетишига эътиқод қиладиган халқ ичида аёлни таҳқирлашдан ғурурланадиганлар, “тирноққа зорлик”ни қарғиш деб биладиган халқ ичида болани хўрлайдиганларни кўриб ҳайрон бўлиб ўтирибмиз.

Бу биз эмасмиз.

Президентимиз ҳар имкониятда жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистонда уйғониш даври бошланганини, ўзбек халқи ўзлигига қайтиш ислоҳотларини бошидан кечираётганлигини, машаққатли ўзгаришлар даврида ҳамкорларимизни қўллаб-қувватлашидан умид қилаётганини таъкидлаш билан бирга сўз эркинлигини тараққиётнинг воз кечиб бўлмас шарти сифатида эътироф этмоқда. Бу жуда чуқур маъноли ва мазмунли эътироф. Ўзбек халқи сўз эркинлигини чуқур англайдиган, уни адолатни оёқости қилиш эмас, балки ҳимоя қилиш учун фойдаланадиган халқдир. Айнан шу маънода қадриятлари тикланаётган янги Ўзбекистонда инсонни қадрлаш ва сўз эркинлигини таъминлашда йўл кўрсатувчи эмас, вақт керак холос.

 

Алишер ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари

Киритилди: 11:44 23.02.2021. Ўқилди: 2053 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!