БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) Афғонистонда тўйиб овқатланмасликдан азият чекаётган миллионлаб аҳолига етарли даражада ёрдам кўрсата олмаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, “Толибон” ҳокимиятни қайта қўлга олганидан сўнг Афғонистонга йўналтирилаётган халқаро ёрдам ҳажми сезиларли даражада қисқарган. Бундан ташқари, зилзилалар каби бир қатор табиий офатлар мавжуд вазиятни янада оғирлаштирган.
БМТ маълумотларига кўра, энг заиф қатламга мансуб 6 миллион нафар афғонистонликни озиқ-овқат билан таъминлаш учун 460 миллион доллардан ортиқ маблағ зарур. Ҳозирда 17 миллион киши очликдан азият чекмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб 3 миллион нафарга ошган.
Шунингдек, 3,7 миллион афғон боласи етарли овқатланмаяпти, уларнинг 1 миллион нафари оғир аҳволда экани қайд этилган.