БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси (UNAMA) июнь ойида мамлакатда камида 137 киши қамчиланганини маълум қилди. Бу ҳақда Khamaa Press хабар берди.
Қамчиланганлар орасида 25 нафар аёл ва 112 нафар эркак бор. Жазони “Толибон”нинг Фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги қошидаги ахлоқ полицияси ижро этган.
UNAMA Афғонистонда эркак ва аёлларга нисбатан жами 389 та қоидабузарлик ва 65 та шафқатсиз муомалага йўл қўйилганини аниқлади. Ахлоқ полицияси фуқароларни асосан ҳижоб ўрамаслик, ғарбона соч турмаги, соқолни қисқартириш ва мусиқа эшитиш каби “қоидабузарликлар” учун ҳибсга олган ёки уларга нисбатан ноҳақ муомалада бўлган.
Мазкур ҳисобот Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият юзасидан хавотир кучайиб бораётган бир пайтда эълон қилинди. UNAMA мамлакатда жисмоний жазолар қўлланаётгани, ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар амалга оширилаётгани, аёллар ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги чекланаётганини ҳужжатлаштириб келмоқда.
Миссия 1 апрелдан 30 июнгача Афғонистон бўйлаб 399 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ёки яраланганини маълум қилди. Мамлакат бўйлаб қуролли тўқнашувлар камайганига қарамай, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари муаммолари давом этиб келмоқда.