Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати жангчилари ва Покистон чегара қўшинлари ўртасидаги тўқнашувлар натижасида камида икки киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг Хост вилоятидаги баҳсли чегара ҳудудида Толибон ва Покистон ҳарбийлари ўртасидаги даврий жанглар иккинчи кундирки давом этмоқда.
Тўқнашувлар натижасида икки киши, жумладан бир аёл ҳалок бўлди, жароҳатланганлар сони 11 нафарга етди. Шанба куни кечқурун вилоят ҳокими ўринбосари жанговар ҳудудга ташриф буюриб, “Толибон” чегарачилари ва маҳаллий аҳоли билан учрашди. Қайд этилганидек, у хавфсизлик кучларига чегарани бузган ва Афғонистон ҳудудига кирганларни бостириш ҳақида кўрсатма берган.
Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрь куни TOLOnews телеканали ўз манбасига таяниб, шанба куни Афғонистон томони баҳсли чегарада назорат-ўтказиш пункти қураётгани сабабли Толибон ва Покистон чегарачилари ўртасида жанглар яна бошлангани ҳақида хабар берган эди. Телеканал суҳбатдошига кўра, ҳар икки томондан қурбонлар бор, аммо уларнинг аниқ сони айтилмаган. Ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар бор.