Афғонистон футбол федерацияси матбуот хизмати раҳбари Фируз Машуф терма жамоанинг Россия билан ўртоқлик учрашувини ўтказиш режаси йўқлигини маълум қилди.
«Бизнинг Федерация ёки Россия томонида қандай мақсад бўлмасин, яқин орада Афғонистон ва Россия ўртасида ўртоқлик ўйинини ўтказишнинг имкони йўқ.
Айни пайтда терма жамоамизда бош мураббий йўқ. Ўтган ойда мураббий шартномани бекор қилиб, Гонконгга ишлаш учун кетди. Шунинг учун дастлаб биз янги мутахассис топишимиз керак. Шунда ўртоқлик ўйинини ташкил этишнинг имкони бўлади.
Ҳозирда мураббий йўқлигидан ташқари, Афғонистон футболи ачинарли аҳволда. Ҳозирги вазият туфайли ФИФА Афғонистон футболига пул ажратмаяпти. На менежмент, на раҳбарият, на футболчилар молиялаштирилмаяпти. Ҳеч қаерда пул йўқ. Айнан шу сабабли Россия билан ўртоқлик ўйинини ташкил этишнинг имконияти йўқ», – деди Машуф.
Маълумот ўрнида. Россия октябрь ойидаги ФИФА кунларида ўртоқлик ўйинини ўтказмади. Жамоа ноябрь ойида Сурия ва Бруней билан ўртоқлик учрашуви борасида келишувга эришган.