Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

4 йил! Бухорода боғча мудираси жиноят устида қўлга олинди

A A A
4 йил! Бухорода боғча мудираси жиноят устида қўлга олинди

Бухоро туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 4-сонли мактабгача таълим ташкилотига тарбиячи вазифасига ишга қабул қилиш эвазига 300 АҚШ доллари миқдорида пора олган боғча мудирасига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди раиси Нозимжон Жўраев маълум қилди.

Ҳолатга кўра, 2019 йилнинг ноябрь ойида фуқаро М.Р тумандаги мактабгача таълим бўлимига қарашли 4-сонли мактабгача таълим ташкилотига ишга киришни сўраб, мурожаат қилади. Боғча мудираси М.Ж. қулай фурсатни бой бермай, ташкилот ёрдамчи тарбиячи вазифасида ишловчи М.М. билан ўзаро келишади ва у орқали фуқаро М.Р.га 300 АҚШ доллари миқдорида пул келтириш талабини қўяди.

Бир неча йилдан буён иш излаб юрган М.Р. эса эртасига ташкилот ёрдамчи тарбиячи вазифасида ишловчи М.М. билан учрашади. Бироқ, ишга кириш учун имконияти етмаганлиги боис, 300 доллар эмас, 300 минг сўм олиб келганини билдиради. М.М. эса боғча мудираси бунга кўнмаслигини, акс ҳолда бошқа кишини ишга қабул қилиши мумкинлигини, келишилган пулни тўлиқ берганидан сўнггина ишни бошлашини билдиради. М.Р. ноилож рози бўлиб, ташкилот биносидан чиқиб кетади ва ҳолат бўйича Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Бухоро туман бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлади. 

Шу куни орадан 4-5 соатларча, чамаси, вақт ўтгач, М.Р. махсус ишлов берилган 300 АҚШ доллар билан Бухоро туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 4-сонли мактабгача таълим ташкилотига келади. Ушбу пулларни М.Р. ташкилот ёрдамчи тарбиячи вазифасида ишловчи М.М.га беради. У М.Ж. таъмагирлиги ортидан келган бу пуллари хона марказидаги стол остидаги тортмага қўйиб, М.Р.га иш бошлаши мумкинлигини билдиради. 

Шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари тезкор ходимлари кириб, боғча мудирасини пора устида қўлга олган.

Жорий йилнинг март ойидаги Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди ҳукмига кўра, мактабгача таълим бўлимига қарашли 4-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудираси М.Ж. Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилган. Унга нисбатан шу модда билан ЖКнинг 45-моддаси (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) ҳамда 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) асосида 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Киритилди: 17:25 18.05.2020. Ўқилди: 5436 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!