Саудия Арабистонида “Алкогол инқилоби” мамлакат алкоголли ичимликларга қўйилган 73 йиллик тақиқни қисман бекор қилишга тайёрланмоқда.
Саудия Арабистони матбуотининг мамлакат раҳбариятига таяниб хабар беришича, 2026 йилдан бошлаб мамлакатда алкоголли маҳсулотларни чекланган тарзда сотиш ва истеъмол қилишга рухсат бериш режалаштирилмоқда. Бу фақат 600 га яқин танлаб олинган туристик ҳудудлар ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш жойларида амалга оширилади. Гап беш юлдузли меҳмонхоналар, нуфузли дам олиш масканлари, дипломатик зоналар, шунингдек, Синдала ороли ва Неом каби сайёҳлик объектлари ҳақида бормоқда.
Лицензияга эга муассасалар спиртли ичимликлар сотиши мумкин бўлади, аммо таркибидаги алкогол муқдори 20 фоиздан ортиқ бўлган ичимликларга тақиқ сақланиб қолади.
Саудия Арабистони ҳукуматининг бундай қарори мамлакатда бўлиб ўтиши кутилаётган халқаро тадбирларга, хусусан, 2030 йилдаги Expo кўргазмаси ва 2034 йилдаги футбол бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг бир қисми ҳисобланади. Шунингдек, бу Саудия Арабистонининг Vision-2030 номли миллий иқтисодий ўсиш режаси доирасига киради.
Саудия Арабистонида алкоголли ичимликларга бўлган тақиқ 1952 йилдан бери амалда бўлиб, бу мамлакат фуқароларига ҳам, хорижликларга ҳам тааллуқли ҳисобланади.