Ижтимоий тармоқларда 15 миллион Қозоғистон фуқаросининг шахсий маълумотлари даркнетга сиздирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аноним ҳакер қозоғистонликларнинг маълумотларини даркнетда сотувга қўйгани хабар қилинмоқда. Даркнетга жойланган файл ҳажми тахминан 2,7 гигабайтни ташкил этади, ундаги ёзувлар умумий сони эса 47 миллион қаторга етади.
Маълумотларга кўра, ҳакер ушбу маълумотлар базасини 0,5 биткоин, яъни тахминан 32 минг долларга баҳолаган. Мазкур маълумотлар тўпламида фуқароларнинг шахсий ва алоқа маълумотлари, жумладан, паспорт маълумотлари, телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, иш жойи ҳақидаги маълумотлар, ҳужжатларнинг сканерланган нусхалари ва пароллар мавжудлиги айтилмоқда. Ҳакер Қозоғистон фуқароларининг маълумотларини эГов порталига бузиб кириш натижасида қўлга киритгани даъво қилинган.
Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ҳозирда тегишли хизматлар билан биргаликда техник текширув ўтказилаётганини маълум қилди. Жумладан, маълумотлар намунаси таҳлил қилиниб, уларнинг келиб чиқиш манбаси аниқланади.
"Айни пайтда электрон ҳукумат ахборот тизимларига бузиб кирилгани ва маълумотлар бевосита эГовъдан олингани ҳақида тасдиқланган маълумотлар йўқ", дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойи бошида Ўзбекистоннинг тўртта ташкилоти ахборот тизимлари киберҳужумга учрагани ва бунинг оқибатда 15 миллионга яқин фуқаронинг маълумотлари сизиб чиқиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўшанда 15 млн фуқаронинг маълумотлари эмас, балки 60 мингга яқин уникал ёзув тарқалганини билдирганди.