Бугун эрта тонгдан Каттақўрғон шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг навбатдаги кенгайтирилган Сайёр қабули ўтказилди.
Сайёр қабулда 470 дан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Топшириқ ва муддатли кўрсатмалар ўз йўналиши бўйича турли соҳа ва ташкилотлар зиммасига қатъий юкланди.
- Мен билан вилоят ҳокими шахсан ўзи гаплашди, муаммоларимни диққат билан тингладилар - дейди Каттақўрғон шаҳар Ингичка қўрғонида истиқомат қилувчи Шодия Пардаева. -Мен 15 миллион сўм кредит эвазига уй жойнинг бошланғич тўлови учун ёрдам сўрадим. Мурожаатим эътиборсиз қолдирилмади, масалам ижроси вилоят хотин-қизлар қўмитаси раҳбари Гавҳар Алимовага бириктирилди. Опага минг бор раҳмат! Чунки, ўша заҳоти мени банк мутахассислари билан учраштириб, муаммомни жойида ҳал қилиб бердилар. Бундан ташқари, уйимнинг галдаги таъмирлаш ишларини шахсан ўзи ҳал қилиб беришларига ваъда берди.
-Каттақўрғон шаҳар, Оқолтин маҳалласи, Мадраса кўчаси 67-уйда яшайман,- дейди Роҳила Донаева. Икки ўғлим, келинларим ва набираларим билан битта ҳовлида яшайман. Иқтисодим оғир, турмуш ўртоғим вафот этган. Боз устига, яқинда яна икки ўғлимни уйлантиришим керак. Тўй белгилаб қўйганман. Мен имтиёзли уй-жойга жуда муҳтожман. Менинг мурожаатим шахсан шаҳар ҳокими зиммасига юкланди. У киши тез кунларда муаммом ижобий ҳал этилишига ваъда берди.
Хуллас, бу галги Сайёр қабул ҳам қарийб етти соат давом этди. Фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган барча муаммоларига адолат нуқтаи-назардан ечим топишди, жавоб олишди. - Секторлар раҳбарлари иши мутлақо қониқарсиз, дея қабулни якунлади вилоят ҳокими. - Бундан кейин қуйи бўғинга чуқурроқ кириш, ва халқ билан мулоқотни кўпайтиришларингизни талаб қиламан!
Боғга йиғилган барча фуқаролар мурожаатлари вилоят ҳокими ҳамда масъул раҳбарлар томонидан тингланди.