Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2025/2026-ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёни ва шартлари ҳақида маълумот берди.
Қайд қилинишича, регламентга мувофиқ, 2025/2026-ўқув йили учун 1-синфга қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади:
- 1-босқич: 20 июндан 31 июлгача микроҳудуд доирасида;
- 2-босқич: 1 августдан 15 августгача микроҳудуддан ташқарида.
1-синфга қабул жараёнлари баъзи туман ва шаҳарларда (.pdf) электрон шаклда давлат хизматлари орқали амалга оширилади. Бунда ота-оналар 20 июндан бошлаб my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, ариза топшириши мумкин.
Давлат хизматлари кўрсатилмайдиган ҳудудларда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар вазирлик электрон тизимига (adm.maktab.uz) киритилади.
Таъкидланишича, «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, болалар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Бу йил 1-синфга 2018 йил 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.