Бугун 27 апрель, 2026 йил, душанба

O'ZB

1 майдан “тонировка” рухсатномаси 412 000 сўм бўладими?

1 майдан “тонировка” рухсатномаси 412 000 сўм бўладими?

Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб ёз мавсуми учун тўрт ойга “тонировка”га рухсатнома олиш 412 000 сўм этиб белгиланиши ҳақида саволлар кўпайгач, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакили бунга аниқлик киритди

Унинг билдиришича, туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги 547-сонли қарорида белгилаб қўйилган. Яъни қарорда ҳозирги кунда БҲМнинг саккиз баробари — 3 296 000 сўм эвазига транспорт воситасининг ойна тусини ўзгартириш учун рухсатнома берилиши йўлга қўйилган.

“Бу тартиб ўзгаргани йўқ. Ижтимоий тармоқлардаги каналларда ёз ойлари учун 412 000 сўм ‘тонировкаъга рухсатнома олиш белгиланди, деган мазмунда норасмий, яъни ёлғон хабарлар тарқалмоқда”, дея изоҳ берди ЙҲХХ вакили.

Қайд этилишича, “тонировка”, яъни транспорт воситаларининг ойна тусини ўзгартириш учун олинадиган рухсатнома бўйича агарда қонунчиликка бирон бир ўзгартириш, янгиликлар киритиладиган бўлса, албатта, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий манбаларида бу бўйича батафсил, тўлиқ маълумотлар берилади.

Шу сабабли барча фуқароларидан норасмий, яъни асосланмаган хабарларни ижтимоий тармоқларга тарқатмасликлари сўралди.

Ўзбекистонда “тонировка” учун ёзда арзонлаштирилган нарх жорий этилиши мумкинлиги 2025-йилнинг августида маълум қилинганди. Қонун лойиҳаси билан енгил автомобиллар тоифасига кирувчи автотранспорт воситаларининг орқа ва олд ён ойналарининг қорайтириш учун ҳар йили 1 майдан 31 августгача бериладиган рухсатномалар йўлга қўйилиши кўзда тутилганди.

Киритилди: Бугун 15:49. Ўқилди: 534 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!