Ҳукуматнинг “Республика олий таълим ташкилотларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, “олий таълим ташкилоти бренди”ни яратиш ҳамда талабаларнинг кийиниш маданиятини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қарор лойиҳасига кўра, жорий йил 1 августга қадар олий таълим ташкилотларининг ўзига хос брендини шакллантириш бўйича устувор йўналишлар ишлаб чиқиш белгиланган.
Бунда, ҳар бир олий таълим ташкилоти хусусияти, илмий ва таълим соҳасидаги ютуқлари, инновацион йўналишларидан келиб чиқиб олий таълим ташкилоти логотипи ва визуал идентификациясини (сувенир, канстовар маҳсулотлари, турли хилдаги буюмлар, спорт ва бошқа кийимлар) яратади.
Олий таълим ташкилотлари профессор-ўқитувчи, ходим ва талабалари ўртасида таълим ташкилоти брендига дахлдорлик ҳисси шакллантирилади, уларда ташкилот қадриятлари, анъаналарига амал қилишини кучайтиришга қаратилган тарғибот ишлари ташкил этилади.
Ҳар бир олий таълим ташкилоти ўз бренди акс эттирилган (сувенир, канстовар маҳсулотлари, турли хилдаги буюмлар, спорт ва бошқа кийимлар) буюмларни ишлаб чиқарувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ҳамда олий таълим ташкилотининг ўзида уларнинг савдо шохобчаларини ташкил этади.
Олий таълим ташкилотларининг муваффақиятли битирувчилари, таниқли профессор-ўқитувчилари, тарихий ютуқлар ҳақида ҳикоя қилувчи контентлар ҳамда фильмлар яратилади.