Бугун 5 январь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

ДАВЛАТ ТИЛИ – МУСТАҚИЛЛИК РАМЗИ

ДАВЛАТ ТИЛИ – МУСТАҚИЛЛИК РАМЗИ

Ҳар бир мустақил давлат ўз миллий тилини расмий давлат тили деб эълон қилиш, бу йўналишда зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда амалга ошириш ҳуқуқига эга ва бунга ҳеч ким дахл қилиши мумкин эмас.
 
    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”, деб белгилаб қўйилган.

     Шу асосда идора, ташкилот ва муассасаларда ўзбек тили расмий давлат тили сифатида қўлланиб келинмоқда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат тилида юритилиши таъминланмоқда. 
    Бугунги кунда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш йўлида дадил ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар давом этмоқда. Жумладан, жорий йилда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди, давлат тилида иш юритишни таъминламаганлиги юзасидан мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш масаласида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, даврий талабларни инобатга олган ҳолда, хорижий тажрибалардан келиб чиқиб  “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги таҳрири устида амалий ишлар йўлга қўйилди. Бу ўзгаришларнинг барчаси миллий тил тақдири борасида қайғуриб келаётган зиёлилар, кенг жамоатчилик томонидан хурсандчилик билан қарши олинди.

    Бироқ  шундай бўлса ҳам, сўнгги вақтларда ўзбек тилини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган жиддий ва тезкор ташаббуслар атрофида норози қатламлар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Булар, асосан, рус тили тарафдорлари бўлиб, улар ижтимоий тармоқларда турли кўринишдаги чиқишларида икки тилни қарама-қарши қўйиб, давлат тили бўйича қабул қилинаётган янги қонун ва қарорлар рус тилининг камситилишига олиб келишини исботлашга уринишмоқда. Ҳаттоки, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиласи Мария Захарова ҳам 14 май куни ўз расмий минбаридан туриб, ўзбек тилида шакллантирилаётган қонун лойиҳаларига муносабат билдирди. Унинг талқинича, мамлакатда кўпчилик рус тили тарафдори бўлиб, ўзбек тилини ривожлантириш борасида қабул қилинаётган янгиликларга эътироз билдирмоқда. Унинг бу хулосаси қандай асосларга таянилгани бизга қоронғу. 

    Аммо шуниси аниқки, биринчидан, давлат тили соҳасида қабул қилинаётган ўзгариш ва янгиланишлар, қонун лойиҳаларини мамлакатимиз аҳолисининг ниҳоятда катта қисми бир овоздан қўллаб-қувватламоқда. Иккинчидан, Россия расмий фуқароси саналмиш Мария Захарова мустақил Ўзбекистоннинг давлат рамзи бўлган ўзбек тилини ривожлантириш бўйича  олиб борилаётган ислоҳотларга расмий минбар орқали танқидий муносабат билдириш ҳуқуқига эга эмас. Бу алоҳида мустақил давлатнинг ички сиёсий ишларига аралашиш ҳисобланади. 

    Биз миллий тил тараққиёти йўлида янада шиддат билан олға давом этамиз ва ўзбек тилининг ҳуқуқий такомиллашиши, бойиши, ривожланиши учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қиламиз.

Феруза АЗИМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг давлат тилини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси

Киритилди: 21:38 15.05.2020. Ўқилди: 4245 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!