Россия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, консуллик ўз ишини 18 сентябр куни тўхтатиши керак, унинг барча ходимлари ушбу санагача мамлакатни тарк этишлари лозим.
ТИВ, шунингдек, Россиядаги Гёте институти бўлимлари иши тўхтатилганини расман эълон қилди. Қайд этилишича, уларнинг ходимлари 13 сентябргача Россиядан кетишлари шарт.
"Россия ва Германия муносабатларидаги кескинликнинг янги босқичи оқибатлари учун жавобгарлик тўлиғича Берлиннинг зиммасидадир", дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Германия 1 сентябр куни Бонндаги Россия консуллиги ёпилиши ва Берлиндаги “Рус уйи” ўз ишини тўхтатишини эълон қилган эди. Бу Германиянинг Лейпциг аэропортидаги диверсияга, яъни портловчи моддалар ўрнатилган дронлар Украинанинг транспорт самолётига ҳужум қилганига жавобан амалга оширилганди. Германия расмийлари ҳужум учун жавобгарликни расман Россия зиммасига юклади.