Литва Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, мамлакат пиёдаларга қарши миналарни қўллаш, захиралаш, ишлаб чиқариш ва узатишни тақиқловчи ҳамда уларни йўқ қилишни назарда тутувчи Оттава конвенциясидан расман чиқди.
"Бугун, 27 декабр куни бунинг учун зарур бўлган барча тартиб-таомиллар муддати якунланди. Конвенциядан чиқиш ҳақида БМТ Бош котибини хабардор қилганимиздан бери олти ой ўтди", дейилади вазирлик баёнотида.
Литва Мудофаа вазири ўринбосари Каролис Алекснинг сўзларига кўра, Литва 2026 йилдан бошлаб Финляндия билан ҳамкорликда ўз эҳтиёжлари ҳамда Украинага етказиб бериш учун пиёдаларга қарши миналар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу мақсадларга юзлаб миллион евро ажратилиши айтилган. Шунингдек, пиёдаларга қарши миналардан ташқари танкка қарши миналар ҳам ишлаб чиқарилиши ҳам кутилмоқда.
Аввалроқ Латвия, Финляндия ва Полша ва Украина Оттава конвенциясидан чиққанди. Ушбу давлатлар ўз қарорларини Россиянинг Украинага нисбатан тажовузи билан асослантирган.
Пиёдаларга қарши миналарни тақиқловчи Оттава конвенцияси 1999 йилда кучга кирган бўлиб, унга 164 та давлат қўшилган. Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг баҳолашича, бу турдаги қуроллар тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келади ва ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин ҳам узоқ йиллар давомида хавф туғдириб туради.