Украина президенти Владимир Зеленский Путин билан музокара столига ўтиришдан бошқа иложи йўқлигини, чунки урушни фақат у тўхтата олишини айтди. Бу ҳақда у Германиянинг Билд нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
Зеленскийнинг эътироф этишича, рус ҳарбийларининг Украина шаҳар ва қишлоқларида қилган ваҳшийликларидан сўнг унда Россияга, рус аскарларига нисбатан нафрат уйғотган. “Оёқсиз, қўлсиз одамлар, ўлдирилган болалар... Бу ҳолатларни ўз кўзим билан кўрганимда... Бу даҳшатли!” деди у.
Зеленский жабрланганларга кўникишнинг иложи бўлмаса-да, энди йиғлай олмаслигини тан олди. Журналистнинг иккита фотопортретига изоҳ бериш илтимосига биноан у: "Бу икки хил одам" деди. Расмлардан бири урушдан олдин, иккинчиси эса Бучага борган пайтида олинган.
Давлат раҳбари, гувоҳлар айтганидек, руслар Бучадаги уруш жиноятлари олдидан ўлдирилганлар рўйхати бор ёки йўқлигини билмаслигини, аммо Херсон каби йирик шаҳарларда бундай рўйхатлар ҳақида эшитганини айтди. “Жанубдаги Херсон, шарқдаги Запорожье атрофларида нималар рўй бераётганини рости билмаймиз. Кўпгина шаҳарлар бутунлай вайрон қилинган. Уйлар ҳам, одамлар ҳам йўқ – у ерда нима топамиз, билмайман”, — деди Зеленский.
Охирги бир неча кун ичида эшитган энг ёмон нарса нима деган саволга у Европа Иттифоқи етакчи сиёсатчиларидан бирининг Бучадаги уруш жиноятлари саҳналаштирилмаганлиги ҳақидаги далилларни кўрмоқчи бўлган баёноти эканини билдирди. Зеленский бу сиёсатчининг исмини айтмади, лекин у Европадаги давлатлардан бирининг раҳбарими, деган саволга “Ҳа”, деб жавоб берди.