Навоий вилоятида йўл-патрул хизмати ходими қоидабузар ҳайдовчидан пора олмагани сабаб мукофотланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йил 7 апрель куни ЙПХ ходимлари Кармана туманида Самарқанд-Навоий йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган Lacetti автомобилини тўхтатган. Текширув натижасида ҳайдовчи маст ҳолда машина бошқариб келаётгани аниқланган.
Тонг отиши билан ҳайдовчи ходимларнинг ёнига отасини бошлаб келган. Ота қоидабузарлик учун ҳужжатларни судга тақдим этмаслик ва машинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига минг доллар пора таклиф қилган. Ходим ҳолат юзасидан ички ишларга хабар берган. Кейин тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаро инспекторга минг доллар пора беришга уринаётган пайтда қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов кетаётгани билдирилди.
Капитан Шербек Турхонов пора олмагани учун давлат томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида (12 миллион 360 минг сўм) пул мукофоти билан тақдирланган.