Ўзбекистондаги ёқилғи қуйиш, газ тўлдириш ва электр қувватлаш шохобчалари ҳақида маълумот берувчи “Avto24” иловаси тест синовида ишга туширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.
“Сир эмас, ҳар йили куз-қиш мавсумида автомобил ҳайдовчилар бошқаларга нисбатан кўпроқ азият чекишади. Уларнинг асосий муаммоси куннинг совуқ пайтларида қаерда ёқилғи қуйиш ёки автомобилини сиқилган ҳамда суюлтирилган газ билан тўлдириш мумкинлигини аниқлаштиришнинг имконсизлигида эди.
Ва ниҳоят эндиликда бундай муаммоларга барҳам бериладиган бўлди”, – дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, “Avto24” иловаси – ҳар бир ҳудуддаги энг яқин ёқилғи қуйиш, автомобилни сиқилган ёки суюлтирилган газ билан тўлдириш ва электромобиллар учун қувватлантириш шохобчаларини топиш, нархларни таққослаш, борар манзили ва вақтини аниқ режалаштириш имконини беради.
Иловани Android ва iOS иловалари учун бепул юклаб олиш мумкин.
“Avto24” иловаси автомобиль эгаларига худудлардаги барча ёқилғи ҳамда қувватлаш шохобчаларини битта харитада тезда топиш, реал вақт режимида ҳозирги вақтда мавжуд ёқилғининг нархи, захираси ва қулайликлари ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш, электромобиль эгалари учун махсус қувватлаш пунктларининг локацияларини аниқлаш сингари имкониятларни тақдим этади.
Шунингдек, истеъмолчилар илова орқали ўзларига маъқул манзилнинг рейтингини кўтариш, ёқилғи сифати ҳамда нархи ҳақида шарҳ қолдиришлари ҳам мумкин бўлади.
Мобил илова дастури автоматлаштирилган ҳолда янгилаб борилади”, – дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Илова Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ишлаб чиқилган.