"Барселона"нинг класикодаги мағлубиятидан кўп ўтмай, клубга яқин бўлган инсайдер Жерар Ромеро "Хави қолиши мумкин! Ҳаммаси ёзда таркибни кучайтириш кафолатларига боғлиқ", дея ёзиб қолдирди.
Нима учун мураббийнинг бирдан фикри ўзгарди?
Янгиликни ўқиган ҳамма жилмайиб қўйди, бироқ бир кундан кейин бошқа инсайдерлар ҳам қўшилди. Барча манбаларда бир хил мазмундаги маълумотлар чиқа бошлади: бу ҳафта “Барса” раҳбарият Хави билан учрашув ташкил қилади ва у ерда унинг келажагини ҳал қилади.
Хави ўз лойиҳаси ривожланаётганини кўрмоқда, лекин унга янги ўйинчилар керак
Хавининг январдаги баёнотидан сўнг, "Барселона"да ҳаммаси яхши кетаётган эди: улар мағлубиятсиз 13 учрашувдан иборат серияни давом эттирди ва Чемпионлар лигасининг ярим финалига чиқишга бир қадам қолганди.
"Умид қиламанки, Хави қолади, чунки гап бир ёки икки мавсум ҳақида эмас, узоқ муддатли лойиҳа ҳақида кетмоқда", - деди вице-президент Рафа Юсте.
Мураббий қарорини эълон қилгач "Барса" раҳбарлари Хавини қолишга кўндирмоқчи бўлишди, лекин у омма олдида рад жавобини берди: "Асосийси мен эмас, клуб. Мен энг муҳим одам эмасман".
Ажабланарлиси шундаки, ўзгаришлар "Барселона" Чемпионлар лигасидан чиқиб кетганидан кейин ва класикода "Реал"га ютқазган ёмон ҳафтадан сўнг содир бўлди.
Ишончли инсайдерлар Ферран Мартинес ва Рожер Торелло биргаликда шундай хабар тарқатди:
“Хави ўз лойиҳасининг ривожланишда давом этаётганини ва ёш ўйинчилар тезлик билан ўсаётганини кўрмоқда. Энди, мураббий бошлаган ишини давом эттиришига ишонади ва клуб ичида қўллаб-қувватлашни ҳис қилади”.
Аммо, иккала инсайдернинг аниқлик киритишича, мураббий кўпроқ тажрибали ўйинчиларни сотиб олишни сўрайди. Ҳатто номзодлар ҳам аниқ: "Дани Ольмо ва Бернарду Силва - Хавига жуда ёқадиган футболчилар". Унга янги таянч ярим ҳимоячиси ҳам керак.
Нуфузли журналист Алекс Пинтанелнинг фикрича, спорт директорлари бош мураббийнинг йўл-йўриғига эргашмайди. Таркибни кучайтириш учун пул йўқ.
Хави билан ёки усиз, лекин жамоа тезроқ пул топмоқчи
Раҳбарият Хавини сақлаб қолмоқчи, аммо унга керакли футболчиларни сотиб олишнинг иложи йўқ. "Барселона" ҳали ҳам Ла Лиганинг молиявий фейр-плей чекловлари остида. Янги ўйинчилар учун пул йўқ, маош лимити эса 204 миллион. "Барселона" эса 405 миллион сарфламоқда.
Каталония клуби Либеро инвестиция фондидан "Barsa Studios" акциялари сотуви учун ҳанузгача 40 миллион олмаган. Гарчи бу маблағ бюджетга киритилган бўлса-да, пул ўз вақтида етиб келмаса, Ла Лига уни янги мавсум режаларидан олиб қўяди. Муддат якунига бир ҳафта қолди
.
Лапорта бошқа ечим топди: Nike билан янги шартнома 10 йилга ҳар йили 100 миллион евро + 120 миллион евро бонус имзоланиши кутилмоқда. Бундай молиявий инекция клубга 1 га 1 қоидасига қайтиш ва ҳар бир топган еврони сарфлаш, шунингдек, маош лимитини ошириш имконини беради.
Лекин футболчиларни сотиб олиш учун аввал сотиш керак бўлади. Френки де Йонг, Рафинья, Ансу Фати ва ҳатто Роналд Араухонинг сотилишини инкор этиб бўлмайди.
Хави ва раҳбарлар ўртасидаги юзма-юз учрашув барча саволларга жавоб беради. Клуб мухлислари янги мавсум учун режаларни ҳозирданоқ аниқ қилишни истамоқда.