Янги Орлеандаги (АҚШнинг Луизиана штати) теракт қурбонлари сони 15 кишига етди, яна 35 киши жароҳат олди. Бу ҳақда шаҳар суд-тиббиёт эксперти Дуайт Маккин баёнотига таяниб, CBS телеканали маълум қилди.
Қайд этилишича, тергов жараёни бир неча кун давом этади. Улар тугалланиб, яқинларига хабар берилгач, қурбонларнинг шахси эълон қилинади.
Ҳодиса 1 январга ўтар кечаси Янги Орлеанда содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи Ford F-150 Lightning пикапида қасддан оломон орасига кириб борган, шундан сўнг у ўт очган ва полиция томонидан бартараф этилган. Федерал қидирув бюроси ҳодисани теракт сифатида баҳоламоқда. Теракт ижрочиси ва террорчи ташкилотлар ўртасида эҳтимолий алоқа ўрнатилмоқда.