Юртдошларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш, ноқонуний миграцияга чек қўйиш борасида ўтказилаётган тезкор тадбирлардан хулоса чиқармаган айрим кимсалар ҳамон нафс ортидан жиноятга қўл урмоқда.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда яна бир шундай ҳолат фош этилди. Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган З.Н. ва Самарқанд тумани Урганжи маҳалласида яшовчи, 1989 йилда туғилган хусусий тадбиркор Ж.З. Самарқанд туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ф.А.ни “Тошкент – Истанбул – Лиссабон – Гватемала – Мексика - АҚШ” йўналиши орқали Америкага ноқонуний равишда ўтказишни ваъда қилиб, ундан 23 минг АҚШ доллари миқдорида пул сўраган. “Хожатбарор” фуқаролар Ф.А.дан 10 минг АҚШ долларини олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинди.
Ҳозир иккала фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилмоқда.