Ўқувчининг дарсга пичоқ кўтариб келиши ҳеч бир меъёрга тўғри келмайди. Бунинг оқибатида бир нечта коллежда ўқувчилар ўртасида пичоқбозлик бўлгани, бу оғир жароҳат олиш, ҳатто ўлим билан якунланган ҳолатларга олиб келгани барчамизга аён.
Бу ҳодисалар бошқаларга сабоқ бўлиши керак эмасмиди? Афсуски, янги ўқув йили бошланганига ҳали жуда қисқа вақт ўтган бўлса-да, пичоқлашишдек хунук ҳолат коллежларда яна содир бўлаётгани жуда аянчли.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 2018 йил 22 сентябрь куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган Политехника касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчиси И.И. ўзаро жанжал туфайли шу коллежнинг 2-босқич ўқувчиси Э.М.га пичоқ билан жароҳат етказган.
Жароҳатланган Э.М. касалхонага ётқизилган. Пичоқ кўтарган “қаҳрамон” И.И. қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Айтиб ўтиш ўринлики, ҳар бир ўқув муассасасига кириладиган жойда ҳозирги кунда махсус қўриқчилар туриши, эрталаб навбатчи ўқитувчи эшик олдида бўлишини яхши биламиз. Хўш, улар нима қилади ўзи? Уларни эшик олдига ўқувчиларни томоша қилиш учун қўйишмаган-ку? Тўғри, ҳар бир ўқувчини, айниқса сумкаларини бирма-бир текшириш осон эмасдир. Лекин доим тартиб бузадиган ёки шубҳали кўринган ўқувчини текшириб туришганида, уларнинг ёнидаги пичоқлар аниқланган, фожиаларнинг олди олинган бўларди.
Ички ишлар органлари томонидан ўтказилаётган давомат тадбирларида ҳам кўпинча ўқувчилар ёнидан ўткир тиғли нарсалар, ошхона пичоғи, ҳатто болға чиқаётгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида қайта-қайта ёзилди. Коллежлар раҳбарлари, ўқитувчилари бундан огоҳ бўлса, ёмон оқибатларга олиб келаётган ўша тиғли нарсаларни муассасага олиб келишни тақиқлаш бўйича таъсирли чора кўра олишганида қон тўкилишига чек қўйилган бўларди. Афсуски, айримларда фидойилик, жонкуярлик етишмаслиги, куним ўтса бўлди, қабилида фаолият олиб бориши тартиб-интизомнинг бўшашиб кетаётганига, тарбиянинг оқсаётгани эса ўқувчиларни маънавияти бўш, шафқатсизга айлантириб қўймоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввал Тошкент юридик коллежида пичоқлашиш оқибатида бир ўқувчи қурбон бўлган эди. Интернет маълумотларига қараганда, Андижон, Чирчиқ, Бекободдаги айрим коллежларда ҳам ўқувчилар ўртасида пичоқлашиш ҳолатлари содир бўлган.
Кеча қайд этилган пичоқлашиш ҳолати балки кўзингизни очар? Ахир энди ўқув йили бошидасиз. Ҳозирдан тартиб-интизомни мустаҳкамласангиз, ўқувчилар қалбига инсоний туйғуларни чуқур сингдирсангиз, улар балки бундан кейин пичоқлашишмас.
Manba: uza.uz