Яманнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар ҳаракати 8 сентябрь куни Саудия Арабистони шаҳарлари ва энергетика объектларига ракета ҳамда дронлар орқали ҳужум қилди. Бу АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш бошланганидан олти ойдан ортиқ вақт ўтиб, Яқин Шарқда кескинлик яна кучайган бир пайтга тўғри келди.
Ҳусийлар ва Саудия Арабистони ўртасидаги тўқнашувларнинг қайта авж олиши Яманда бир неча йилдан бери музлатилган фуқаролик уруши яна бошланиши ва Қизил денгиздаги кемалар ҳаракати учун хавф кучайишига олиб келиши мумкин.
Ҳусийлар — Яманнинг шимоли-ғарбий қисмидаги ҳудудларни назорат қиладиган ҳарбий, сиёсий ва диний ҳаракат. Улар Қизил денгиздаги юк кемалари ва нефть танкерларига ҳужумлари орқали халқаро савдо ҳамда энергия бозорларига жиддий таъсир кўрсатган.
Ҳаракат 2023 йилда Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилишни, шунингдек, Исроилга дрон ва ракеталар учиришни бошлаган. Ҳусийлар бу ҳаракатларни Ғазодаги уруш даврида фаластинликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга ошираётганини билдирган.
Ҳусийлар ҳаракати 1990-йилларда Яман шимолида з
айдий шиалари ўртасида диний уйғониш ҳаракати сифатида шаклланган. Зайдия асрлар давомида Яманнинг шимолий қисмида муҳим диний ва сиёсий мавқега эга бўлган.
Ҳаракат кейинчалик Яман миллий армиясига қарши бир қатор партизан урушларини олиб борган ва суннийлар кўпчиликни ташкил этувчи Саудия Арабистони билан ҳам қисқа муддатли чегара тўқнашувларига киришган.
2011 йилда узоқ йиллар мамлакатни бошқарган президент Али Абдулла Солиҳ «Араб баҳори» намойишлари натижасида ҳокимиятдан кетгач, ҳусийлар Яман шимолида ўз назоратини кучайтирган. Улар Форс кўрфази давлатлари қўллаб-қувватлаган сиёсий ўтиш жараёнини рад этган.
Ҳусийлар етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий Эрон кўмаги остида ҳаракатни ўн минглаб жангариларга эга бўлган кучга айлантирган.
2014 йилда ҳусийлар Яман пойтахти Сано шаҳрини эгаллаб, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукуматни мамлакат жанубидаги Адан шаҳри томон чекинишга мажбур қилган.
Саудия Арабистони Яманда Эрон таъсирининг кучайиши ва ўз чегаралари яқинида беқарорлик юзага келишидан хавотир олган. Шу сабабли 2015 йилда ҳусийларга қарши ҳарбий амалиёт бошланган коалицияга раҳбарлик қилган.
Коалициянинг мақсади ҳусийларни ҳокимиятдан ағдариш, халқаро тан олинган ҳукуматни тиклаш ва мамлакатда сиёсий ўтиш жараёнини қайта йўлга қўйиш эди.
Бироқ йиллар давом этган уруш томонларнинг бирортасига ҳам ҳал қилувчи устунлик бермади. Ҳусийлар аҳолининг асосий қисми истиқомат қиладиган Яманнинг шимоли-ғарбий ҳудудлари устидан назоратни сақлаб қолди.
Уруш натижасида Яман дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бирига дуч келди. Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари каби коалиция аъзоларининг ҳаво зарбалари ва қуруқликдаги жанглари мамлакатда катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди.
Ҳусийлар эса Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидаги нефть объектлари ҳамда муҳим инфратузилмага ракета ва дронлар орқали зарбалар бериш имкониятини намойиш қилди.
2022 йилда БМТ воситачилигида уруш томонлари ўртасида сулҳга эришилди. Шундан кейин кенг кўламли жанглар сезиларли даражада пасайди.
Ҳусийларнинг 2023–2025 йилларда Қизил денгиздаги кемаларга қилган ҳужумлари халқаро савдога жиддий таъсир кўрсатди. Европа ва Осиё ўртасида ҳаракатланаётган кўплаб юк кемалари хавфсизлик сабабли Африка қитъасини айланиб ўтадиган узоқроқ ва қимматроқ йўналишларга ўтди.
Ҳусийларнинг нефть танкерларига таҳдидлари эса Эрон томонидан Ҳурмуз бўғози орқали энергия экспорти чекланган бир шароитда Яқин Шарқдан нефть таъминотига қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Ҳусийларнинг ракета ва дрон ҳужумлари аввал ҳам Саудия Арабистони ва БААдаги айрим нефть объектлари ҳамда муҳим инфратузилмага жиддий зарар етказган. Бироқ узоқ шимолдаги, жумладан Исроилдаги нишонларга қарши уларнинг айрим ҳужумлари самарасиз бўлган.
Эрон ҳусийларни минтақадаги «Қаршилик ўқи» доирасида қўллаб-қувватлайди. Бу тармоққа Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ва Ироқдаги шиаларга мансуб қуролли гуруҳлар ҳам киради.
Бироқ ҳусийларнинг Эрон билан муносабатлари бошқа иттифоқчиларга нисбатан мураккаброқ ҳисобланади. Ҳусийлар Эрон олий раҳбарини «Ҳизбуллоҳ» ва Ироқдаги айрим гуруҳлар каби ўзларининг олий диний раҳбари сифатида тан олмайди.
Ҳаракатнинг асосий мақсадлари Ямандаги ички сиёсий вазият билан боғлиқ бўлса-да, унинг мафкураси Эрон билан яқинлашган.
АҚШ Эрон ҳусийларни қурол-яроғ билан таъминлаши, молиялаштириши ва тайёргарликдан ўтказишини таъкидлаб келади. Ҳусийлар эса Эроннинг вакили эканини рад этади ва ўз қуролларини мустақил равишда ишлаб чиқараётганини билдириб келади.