Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Хуршид Даврон: «Madaniyat va ma'rifat» баклажканинг қопқоғини йиғдириб «маймун ўйнатаётган» TВлар даражасига тушмоқда

Хуршид Даврон: «Madaniyat va ma'rifat» баклажканинг қопқоғини йиғдириб «маймун ўйнатаётган» TВлар даражасига тушмоқда

«Madaniyat va ma'rifat» телеканали дидсизлик, саводсизлик ва фаросатсизлик уясига айланган, пул илинжида одамларга баклажканинг қопқоғини йиғдириб «маймун ўйнатаётган» телеканаллар даражасига тушиб бормоқда. Телеканални ишга туширишда бевосита иштирок этган шоир Хуршид Даврон канал сиёсатига ўз эътирозларини билдирди.

«Умримнинг йигирма йилидан зиёди Ўзбекистон телерадиокомпанияси каналларида ўтди. Шу сабабдан бу даргоҳда бўлаётган воқеаларга, аниқроғи телеканаллар фаолиятида кўзга ташланаётган айрим камчиликларга бепарво бўлолмайман. Бу гапларни ёзаяпману бошқа бир гап онгу шууримда айланади. Бир пайтлар бир донишманд кутилаётган ижтимоий ўзгаришлар ҳақида гапираётиб, лўнда қилиб айтган эди: "Ҳамма гапни айтадиган кунлар келади. Аммо, унутма, бўтам, ўшандаям бу гапларни эшитадиган қулоқ топилмайди…"».

«Madaniyat va ma'rifat» телеканали 2012 йилда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибида президент фармонига кўра ташкил этилган. Хуршид Даврон телеканал ташкил этилишида бевосита иштирок этган.

Хуршид Даврон телеканал иш бошлаганидан кўп ўтмай халқнинг назарига тушганини, канал кўрсатувлари телерадиокомпания таркибидаги бошқа каналлар кўрсатувларидан алоҳида ажралиб тургани яққол кўрингани ва ижодий жамоа таркибида телеканал мақсади ва вазифаларини теран англаган журналистларнинг фаолияти кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлганини таъкидлаган.

«“Маданият ва маърифат” телеканалининг фақат номигина қолдимикан деган хавотирдаман. Бу хавотир сабабларини англатиш учун 2019 йил мобайнида “Madaniyat va ma'rifat” телеканали эфирларида кўрганларимни таҳлил қилишга қарор қилдим. Ўтган қисқа вақт давомида “Madaniyat va ma'rifat” телеканали ўз ўрни ва аудиториясига эга телеканалга айланди. Аммо кўрсатувларни камида менчалик кузатиб борадиган томошабинларнинг барчасига яхши маълумки, телеканал ҳеч қачон бугунги даражага тушиб кетмаган», – деган Хуршид Даврон.

Мақолада ёзилишича, «...яқиндан бошлаб “Тундаликлар” кўрсатуви эфирга узатила бошланди. Ҳақиқатан чиройли ном, чиройли йўналиш танланган. Устоз Асқад Мухторнинг “Тундаликлар”ига мос равишда яхши суҳбатлар бўлди. Кўп давраларда бу кўрсатув ҳақида эътирофлар ҳам бўлди. Катта-катта ёзувчиларимиз, олимларимизнинг мақтовлари қулоққа чалинди. Аммо кўрсатув шу қадар кўп эфирга узатилдики (адашмасам ҳар куни эфирга узатилган вақтлар ҳам бўлди), суҳбатдошларнинг ҳам сараги ва пучаги билиниб қолди. Бир ўрта ёш хонанда ё ўртамиёна актёр билан бир соат давомида нимани гаплашиш мумкин ахир? Кўрсатув “Тундаликлар”ми, шунга мос равишда суҳбатдошни таклиф қилиш, томошабинларни соғинтириб, ҳафтада бир ё икки марта эфирга узатишса бўлмасмикан деб ўйладим».

Хуршид Даврон яқиндан бошлаб телеканалда номаълум сабабга кўра русча олиб бориладиган кўрсатувлар пайдо бўлганини айтган: «Улардан бирининг номи “Ўзбекона ўзлик”. Кўрсатувнинг русча олиб борилиши ва унга атай қилгандай “Ўзбекона ўзлик” деб ном қўйишнинг ўзиёқ телеканалнинг айни пайтдаги ачинарли аҳволидан далолат бериб турибди. Русча олиб бориладиган кўрсатувни бундай номлаш бориб турган нодонлик бўлса, аслида бунинг маънавий фожиа эканлигини англамаслик, аксинча, шунга очиқ-ойдин йўл қўйиш, томошабин кўз ўнгида шу ишнинг эгаси, қаҳрамони сифатида намоён бўлиш – телеканал учун шармандаликнинг ўзгинасидир».

Халқ шоири телеканалдаги «Сараланган саналар», «Тафаккурдан томган томчилар», «Маданий термин» каби кўрсатувларнинг номига ҳам эътироз билдирган.

«Дарвоқе, “термин” сўзи ўзбекчага “атама” деб таржима қилинишини ҳам эслатиб қўйиш керак. “Маданий” деган сўзнинг ёнида ўзбекча муқобили мавжуд бўлган русча сўз турса яхшимас-да. Телеканалда она тилимизга бағишланган бирорта ҳам лойиҳа йўқ. МТРКда мана шу очиқ фактни оддий бир зиёли сифатида таҳлил қилиб кўрадиган тайинли раҳбар ҳам йўқ шекилли… Ахир, ҳар қандай мафкуранинг асоси энг аввало, Она тили ҳисобланади-ку?!», – дейилган мақолада.

Муаллифнинг кузатувига кўра, МТРКдаги бошбошдоқлик шу даражага етганки, шу йилдан бошлаб компания каналларининг деярли барчасида рус тилида олиб бориладиган кўрсатувлар пайдо бўлган.

«Ҳақиқатан ҳам рус тилида кўрсатувлар зарурати мавжуд бўлганида телерадиокомпания раҳбарияти халқ билан мулоқот қилиб, суриштирув ўтказиб бунинг нечоғлик заруратини аниқ билиб олиши, бу заруратнинг сабабларини очиқ-ойдин жамоатчиликка маълум қилиши керак эди. Куни кечагина бир неча она тилимизга беписандлик қилиб, рус тилини давлат тили даражасига кўтаришга бўлган кимсалар уринишига жамоатчилик қандай жавоб берганини яққол кўрдик-ку, ахир! МТРКда юзага чиққан бу ҳолат аслида Она тилимизга, Давлат тилига қаратилган ўша беписандликнинг пайдо бўлишига хизмат қилмадимикин?», – деган мақола муаллифи.

Хуршид Даврон рус тилида олиб бориладиган кўрсатувлар юзасидан таклифини билдирган. Рус тилида кўрсатувлар зарурати мавжудлиги аниқланган тақдирда, ҳеч иккиланмай тўлиқ рус тилида фаолият олиб борадиган канал ташкил қилиш маъқул бўлишини айтган. Халқ шоирининг фикрига кўра, барча телеканаллар ўзбек тилида фаолият олиб борсагина, қонун билан ҳимоя қилинган давлат тилига муносабат ижтимоий маъно топади.

Мақолада «Madaniyat va ma'rifat» концепцион нуқтаи назардан жуда кўп нарсани қамраб олгани таъкидланади.

«Яқинда чучмал ном остида яна бир кўрсатув ташкил этилди: “Дилга ташриф”. Сал олдинроқ эрталаблари “Нонушта вақти” кўрсатуви кетарди, кейин у “Хуш кайфият” деб ўзгартирилди. Ана шу “Хуш кайфият” номли тонгги кўрсатувда лабларини beautix қилдириб (шишириб), “ҳарир кўйлаклар”да чиқувчи узункиприк қизчалар энди “Дилга ташриф” кўрсатувига ўтишган. Бу тажрибасиз, нўноқ бошловчиларнинг дилимизга қилаётган ташрифларидан “тошнота” юз бераётир! Яъни, кўнгил айнимоқда! Уларни қаердан топиб келишган? Телеканалнинг расмий бадиий кенгаши йўқми? Йўқ бўлса нега тузилмайди? Бор бўлса, у қаерга қараяпти? – тушуниш қийин», – дейилган мақолада.

Муаллиф бошловчиларнинг «кетма-кет чиқиши»ни ҳам танқид қилган. «Маданият янгиликлари»да чиққан бошловчи орадан бир соат ўтар-ўтмас, «Яхшилик» кўрсатувини олиб боради, яна бир соат ўтмасдан, худди ўша бошловчи «Дилга ташриф» кўрсатувида кўриниш беради.

Мақолада айтилишича, «...бугунга келиб “Madaniyat va ma'rifat” телеканали дидсизлик, саводсизлик ва фаросатсизлик уясига айланган, пул илинжида миллат болаларига баклажканинг қопқоғини йиғдириб “маймун ўйнатаётган” телеканаллар даражасига тушиб бормоқда».

«“Madaniyat va ma'rifat” телеканалининг мақсад ва вазифалари уни ташкил этиш давомида аниқ белгилаб берилган. Гап бу вазифани амалга оширишга қодир, лаёқатли жамоани қайта тиклашда, бу жамоа бошида сиёсатбозликдан узоқ, жўрачилик, маҳаллийчиликдан йироқ, она тилимиз равнақи учун жон куйдирадиган, маърифатли ва маънавияти юксак раҳбарлар туриши керак», – деган Хуршид Даврон.

Айни вақтда телеканал директори вазифасида бир неча йил Самарқанд вилояти телевидениесига раҳбар бўлган Фарҳод Тўраев фаолият олиб бормоқда.

Киритилди: 07:30 23.07.2019. Ўқилди: 2738 марта. Фикрлар сони: 1 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!