Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Хоразмда велосипед ўғрилари суд залидан озодликка чиқарилди

Хоразмда велосипед ўғрилари суд залидан озодликка чиқарилди

2019 йил 21 февраль куни жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда айбланган шахсларга суд ҳукми ўқилди.

Биринчи иш ҳолатларига кўра, В.Г. (исм-шарифи ўзгартирилган) Ҳазорасп тумани, Мухомон қишлоғи, Янгиҳаёт маҳалласида яшовчи Г.Кўчкарованинг уйи олдидан Апачи номли велосипедини ўғирлаб олиб, жуфтакни ростлайди, беш ой ўтмасдан В.Г. такроран ўғирлик қилиш мақсадида, Мухомон маҳалласида яшовчи Н.Искандаровани уйининг чорбоғ ичкарисига ғайриқонуний равишда кириб, минерал ўғит жойланган аравачани ўғирлаб олиб, ғойиб бўлади ҳамда орадан кўп вақт ўтмасдан Пичоқчи қишлоғи, Б.Матирзаев маҳалласида яшовчи К.Жуманазаровнинг яшаш уйида ишлаб юриб, унинг Пантера номли велосипедини ҳам ўғирлаб олиб, воқеа жойидан яширинади.

Иккинчи иш ҳолатларига кўра, Д.Е. (исм-шарифи ўзгартирилган) Мажбурий ижро бюроси Боғот туман бўлими биноси олдида турган, фуқаро А.Машариповга тегишли бўлган Урал русумли велосипедини гўёки ўзиники қилиб кўрсатиб, ҳеч кимга сездирмасдан миниб кетади, орадан бир ой вақт ўтмасдан Д.Е.нинг текин моддий наф кўриш истаги яна пайдо бўлиб, бу сафар Карвонсарой чойхонаси олдида турган, фуқаро Ш.Худайбергановга тегишли бўлган Аист русумли велосипедини яширин равишда ўғирлаб олиб, воқеа жойидан ғойиб бўлади.

Иккала шахс ҳам ўғирланган велосипедларни арзон нархда ўзга шахсларга сотиб, пулларни спиртли ичимликка сарфлаб юборишган.

Суд ҳукми билан ҳар иккала судланувчи Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми а банди билан айбли деб топилиб, уларнинг муқаддам судланмаганлиги, етказилган зарарлар тўлиқ бартараф қилинганлиги инобатга олиниб, ҳар бирига 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залидан очиққа чиқарилди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, туман суди томонидан 2018 йил мобайнида 8 та жиноят иши юзасидан 9 нафар шахс суд залидан очиққа чиқарилиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган, шунингдек мазкур даврда 36 нафар шахс озодликни чеклаш ва 146 нафар шахс ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган.

М.Рузметов, Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди судьяси

Киритилди: 14:26 04.03.2019. Ўқилди: 1388 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!