Бугун 20 август, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Хоразмда 81 минг кишини камбағалликдан чиқариш вазифаси депутатлар назоратига олинади

Хоразмда 81 минг кишини камбағалликдан чиқариш вазифаси депутатлар назоратига олинади

Хоразмда йил якунига қадар 81 минг кишини камбағалликдан чиқариш ва 39 минг ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилган. Энди бу мақсадлар ижроси ҳар бир депутат кесимида назорат қилинади.

Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида ўрганиш ишларини олиб борди. Урганч шаҳрида маҳаллий Кенгашлар депутатлари, «маҳалла еттилиги» ва қатор жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида бу вазифалар ижросини назорат қилишнинг янги тизими муҳокама қилинди.

Янги тизимга кўра, ҳар бир депутат ўзи сайланган округ ҳудудидаги маҳаллаларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини назорат қилади.

Бунда депутатлар «маҳалла еттилиги» ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда ишлайди. Улар нафақат мавжуд муаммоларни аниқлайди, балки уларни ҳал этишда ижро ҳокимияти органларига амалий ёрдам кўрсатади ва натижаларни кузатиб боради.

Айниқса, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар билан индивидуал режа асосида ишлашга эътибор қаратилади. Уларни камбағалликдан чиқариш, кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сифати ва натижадорлиги алоҳида назорат қилинади.

Шунингдек, ҳар бир депутат ўз сайлов округидаги маҳаллаларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш, инвестиция ва ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режа асосида иш олиб боради.

Янги тизимда депутатларнинг иши фақат назорат билан чекланмайди. Уларнинг вазифаси муаммони аниқлаш, уни ҳал этишга амалий ёрдам бериш, ижрони кузатиш ва якуний натижани баҳолашдан иборат бўлади. Бу ишлар биринчи навбатда оғир тоифадаги маҳаллалардан бошланади.

Амалга оширилаётган ишлар ҳар ҳафта доимий комиссиялар томонидан ўрганилади. Натижалар эса ҳар ой халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида танқидий муҳокама қилиниб, масъул раҳбарларнинг ҳисобот ва ахборотлари эшитилади ҳамда уларнинг фаолиятига баҳо берилади.

Тизимни амалга оширишга Маҳаллалар уюшмаси, «Нуроний» жамғармаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳамда касаба уюшмалари ташкилотлари вакиллари ҳам жалб этилади.

Ушбу тизим Хоразм вилоятидаги 348 нафар депутат фаолияти ва 509 та маҳаллага татбиқ этилади.

Киритилди: Бугун 18:22. Ўқилди: 176 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!