Ярим йил давомида бир миллат вакилларидан бир миллион кишини қўлга олиб қамаш учун нималар зарур? Улкан ресурслар ва мураккаб ташкилий ишлар. Бироқ Хитой расмийлари бу ишни амалга ошириш учун бу нарсаларни қизғаниб ўтиргани йўқ. Хитойнинг ғарбида жойлашган Шинжон-Уйғур вилоятида уйғурлар ҳамда қирғизлар, қозоқлар ва бошқа миллий озчилик вакилларининг улкан қисми давлат томонидан “таълим орқали ўзгариш” дея аталувчи баҳона билан қамоққа ташланган. Улардан ўн минглаб кишилар фикрлари назорат қилинувчи, тикон симли, темир эшикли ва қўриқчилар хоналари билан жиҳозланган янги лагерларга қамалган.
Хитой расмийлари бу каби лагерлар тўғрисидаги хабарларга дуч келганларида одатда босиқ ва мужмал жавоб беришга, баъзан эса очиқдан-очиқ бу ҳолатларни инкор этишга уриниб келмоқда. Бироқ эндиликда, дея шарҳлайди Шинжон бўйича мутахассис Райан Тум The New York Times газетасида чоп этилган ўзининг мақоласида, улар ўзларининг қолдирган яққол изларини далил сифатида изоҳлаб беришларига тўғри келади: Хитой ҳукумати лагерларни қуриш ва ишга туширишга ёрдам кўрсатиш бўйича пудратчиларни таклиф қилувчи оммавий тендер онлайн тизимини ишга киритдилар.
Тум қайд этишича, Шинжон расмийлари сўнгги ўн йиллик давомида уйғурлар урф-одатларини ва ҳатто давлат ибораси билан айтилганда уларнинг фикрларини ҳам ўзгартиришга қаратилган сиёсатни тезлаштириб юбордилар. Маҳаллий ҳокимият органлари этник озчилик томонидан Хитой коммунистик партиясига садоқатини тасдиқлашларини илтимос қилувчи оммавий маросимларни ташкиллаштиришмоқда; улар мажбурий қайта таълим курсларини ва хатто рақс чиқишларини ўтказишмоқда, негаки Исломдаги кўпчилик уламолар рақсга тушишни тақиқлашган. Баъзи туманларда хавфсизлик органлари мунтазам равишда аҳоли томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган таҳлика баҳоларини ўтказишмоқда: уйғурларда бу кўрсаткич 10 фоиз, агар улар кунига беш вақт намоз ўқисалар яна 10 фоиз қўшилмоқда.
Уйғурлар мазлумона ҳаётга кўникиб қолдилар, бироқ 2016 йилда Тибетдан янги партия раҳбари келганида, ушбу чоралар мисли кўрилмаган шавқатсизлик билан ўтказила бошланди. Маҳаллий полиция раҳбарларининг айтишича, уларга аҳолининг 40 фоизини қамаш бўйича квота ўрнатилган бўлиб, бу ишни уддалаш қийин бўлмоқда.
Корнталдаги Европа маданияти ва илоҳиёти мактабининг тадқиқотчиси Адриан Занзнинг янги тадқиқотида ҳукуматнинг Шинжондаги қирқдан зиёд аҳоли манзилларида қайта тарбиялаш объектларига оид турли шартномаларни таклиф этувчи эълон ва тендерларини таҳлил қилиб чиққан. Унда давлат томонидан қамоқхоналар тармоғига сарфлаётган улкан бюрократик, инсоний ва молиявий ресурсларни кўриш мумкин. Маърузада давлат 2016 йилдан бошлаб Шинжоннинг барча бурчакларида умумий қиймати 680 млн юанга тенг (107 млн доллар) лагерларни барпо этишни режелаштираётгани очиқланади. Хусусан, 81754 квадрат метргача бўлган майдонда кампаундлар, Халқ полицияси ва ярим ҳарбий хавфсизлик кучлари учун бинолар қурилишига тегишли тендерлар бунга далил бўлади. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари криминал психология ёки армия ва полицияда ишлаш тажрибасига эга бўлган лагерь персоналини ишга қабул қилиш тўғрисидаги эълонларни жойлаштирмоқда.
Шинжонда ишлашга уринаётган тадқиқотчилар ва журналистлар дуч келаётган қийинчиликларнинг ўсиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда мазкур техник тафсилотларнинг исботи муҳим. Бир неча чет эллик журналистлар полициянинг таъқиблари ва қисқа муддатли ҳибсга олинишларга қарамай, муҳим мақолаларни тайёрладилар; этник уйғур репортёрлари ва улар оилаларининг аҳволи анча оғирроқ.
Таҳликаларни ҳисобга олган ҳолда қўлга олинган собиқ маҳбусларнинг ўзидан тўғридан-тўғри олинган маълумотлар жуда кам, аммо бунга оид баъзи бир нарсалар пайдо бўла бошлаяпти.
АҚШда таҳсил олаётган уйғур талабалардан бири Foreign Policy нашрига қамоқдаги шароитлар тўғрисидаги шу кунгача энг батафсил бўлган маълумотни тақдим этди. У ўтган йили ҳибсга олиниб Хитойга қайтарилган ва шундан сўнг 17 кун давомида ҳеч қандай айблов қўйилмаган ҳолда қамоқда сақланган. Тўлиб-тошган камерадаги узоқ кунлар давом этган маршни шиорларни бааралла айттириб бажаришганини, гўёки ноқонуний диний фаолият тўғрисидаги видеороликни кўргизишганини таърифлаб берди. Уни озод қилишганида, қўриқчи “Америкада нима қилсанг ва нималарни гапирсанг ҳам оиланг ҳам, биз ҳам шу ердалигимизни унутма”, деб огоҳлантирган.
Ўтган ойда қозоқ миллатига мансуб киши Озод Европа Радиоси/Озодлик Радиосига шимолий Шинжондаги лагерда тўрт ой бўлганини таърифлаб берди. У ерда етти йилгача муддатли қамоқ жазосини ўтаётган одамларни учратди. Унинг айтишича, унга “миллий сирларни” қандай сақлаш лозимлигини ҳамда “мусулмон бўлмасликни” ўргатишди. Уларни ҳамда бошқаларни ташқи дунёдан алоқасини бутунлай узиб қўйишган, уларнинг оилалари ҳатто унинг аҳволи қанақалигини билишмаган ҳам.
Энди бўлса Хитой давлатининг ўзи маҳбуслар учун янада кўпроқ лагерлар қуришга чақирувчи тендерларни эълон қила туриб, ўзи хоҳламаган ҳолда бу каби қамоқ шоҳидларининг оз сонли гувоҳликларни тасдиқлаб қўя бошлади.
Мазкур турма тизимининг кўплаб тафсилотлари яширин ва номаълум бўлиб қолмоқда. Аслида лагерларнинг узил-кесил мақсади нимадан иборатлиги ҳам тушунарсиздир.
Улар мажбурий индоктринация учун восита бўлиб хизмат қилмоқдалар. Шинжондаги ота-онасини кўргани келган Қозоғистон фуқароси шунақа лагерлардан бирига тушиб қолиб, у ерда овқатланишдан олдин бисмиллони айтиш таъқиқлангани, аммо ХХР коммунистик партиясига, ХХР ва хитой раҳбари Си Цзиньпинга миннатдорчилик билдиришга мажбурлашганини айтиб берди. Бундан ташқари, улар партияни мадҳ қилувчи қўшиқларни куйлаганлар, хитой тили ҳамда Шинжоннинг ўрта осиёлик маҳаллий аҳолиси хитой коммунистлари томонидан 1950 йилларда “озод этилгунларига қадар” қолоқ миллат бўлганларини уқтирувчи хитой тарихини ўрганганлар.
Баъзи амалдорлар лагерлардан хитой бошқарувига мухолифатда бўлган одамларни зарарсизлантириш учун фойдаланадилар. Хитой расмийларига кўра, 40 ёшгача бўлган одамлар “зўравонлар авлоди” саналар экан.
Шунингдек, лагерлар жазо ва таҳдилар воситасига айлантирилгани ҳам рост. Қўлга олинганларнинг озчилигига айблов қўйилган, расман маҳкум бўлганларнинг сони ундан ҳам оз. Баъзи бировларга қанча муддат қамоқда бўлиши ҳақида маълумот берилади, бошқаларни эса номаълум муддат давомида сақлайдилар. Ушбу ноаниқлик – қўлга олишнинг ихтиёрий мантиғи бутун аҳолини қўрқувга солмоқда.
Райан Тум қайд этишича, унинг Шинжонга сўнгги сафари давомида ёппасига кузатувлар шунчалик кучайиб кетдики, у чет эллик одам билан гаплашган одамни лагерга жўнатиб юбормасликалари учун уйғурлар билан мулоқот қилишдан ўзини тийди.
Мамлакат ташқарисидаги уйғурлар Хитойдаги ҳозирги кампанияни Мао давридаги “маданий инқилоб” билан тенглаштиришмоқда. Қоидалар мунтазам равишда алмашаверганидан кўпчилик саросимага тушиб қолган. Уларнинг айтишича, агар Шинжондаги уйғурлар расмийларга тўлиқ бўйсунмоқчи бўлслар ҳам, буни қандай қилишни билмайдилар. Илгари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қўшилган одам ўзини хавфдан мосуво деб ҳисоблаши мумкин эди, бугунги кунда бу ҳам ёрдам бермаяпти.
Ўн минглаб оилалар парчаланиб кетди; бутун маданиятнинг ўзи криминаллашиб бормоқда. Баъзи маҳаллий амалдорлар ҳибсга олишга баҳона сифатида “саратонни тугатиш” ёки қишлоқ хўжалик экинларини “бегона ўтлардан” тозалаш учун кимёвий воситалардан фойдаланиш каби таҳликали иборалардан фойдаланмоқда.
Этник гуруҳга нисбатан бу каби қасддан ва кенг кўламли шавқатсиз муносабатни бир сўз билан ифодалаш жуда қийин: эски иборалар кўп ҳолларда янги адолатсизликларнинг ўзига хос хусусиятларни ниқоб ортига олиб қўяди. Шунингдек, турли гуруҳлар чекаётган азиятларни таққослаш муҳтамал редукционизмга олиб келиши мумкин. Райан Тум уйғурлар, қозоқлар ва қирғизларнинг бугунги оғир аҳволини таърифлаш учун шунақа баёнот билан чиқишга журъат эта олади: Шинжон бугунги кунда Жанубий Африка апертеиди модели бўйича шаклланган ирқчилиги билан Шимолий Корея билан рақобатлаша оладиган полиция давлатига айланган.
Шу билан бирга, содир бўлаётган воқеаларни ҳатто “полиция давлати” деган ибора ҳам етарли даражада таърифлай олмайди, негаки биз РФ каби давлатларни полиция давлати деб атаб келганмиз, ҳолбуки у ерда (ҳозирча) назорат тизими ХХРга қараганда анча кичикроқ.
Аҳвол бунданда бадтар ёмонлашади дея хулоса қилишга барча асослар бор. Сўнгги пайтларда қамоқда уйғурларнинг нобуд бўлаётгани тўғрисида бир нечта хабар тарқалди. Бу хабарлар лагерларда қайта тарбиялаш йўлида қийноқлар қўлланаётганига ишора бўлиб қолмоқда. Шинжонда лагерларнинг оммавий қурилиши бошланганига қараб, хитой расмийлари хали ҳамон мақсадларига етиб кела олишларига кўзлари етмаётганини англаш мумкин.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади