Юқори патогенли парранда гриппининг тарқалиш ҳолати Саудия Арабистони ва Вьетнамда қайд этилди. Бу ҳақда Жаҳон ҳайвонлар саломатлигини сақлаш ташкилотига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Саудия Арабистони Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан маълум қилинишича, мамлакатнинг марказий қисмидаги парранда фермасида H5N8 вируси юзага келтирган грипп аниқланган. Касалликдан 22,7 мингта парранда нобуд бўлган, яна 385 мингта парранда сўйилган.
Вьетнам Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан хабар берилишича, мамлакатнинг шимолида, Хитой билан чегара яқинида жойлашган қишлоқда парранда гриппи аниқланган. Мазкур ҳудуддаги уч мингта паррандадан 2,2 мингтаси ўлган.
Аввалроқ, Хитойда коронавирус эпимаркази яқинидаги ҳудудда парранда гриппи тарқалгани ҳақида хабар берилган эди.