Хитой Исломободга ажратилган 3,4 миллиард долларлик қарз муддатини узайтирди, деб хабар берди Reuters нашри. Бу ва бошқа яқинда олинган тижорат ҳамда кўп томонлама қарзлар билан бирга Покистоннинг валюта захиралари 14 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
«Бу МВФ белгилаган мақсадли кўрсаткичга мос келади», — деди манба.
Махсусан, Хитой қарзлари Покистон захираларини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки Халқаро Валюта Жамғармаси (МВФ) талабига кўра, 30 июн куни якунланувчи молиявий йил охиригача мамлакат захиралари 14 миллиард доллардан ортиқ бўлиши шарт эди.
Покистон расмийлари иқтисодиёт МВФнинг 7 миллиард долларлик молиявий ёрдам дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли барқарорлашганини таъкидламоқда.