Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида экологик муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган яна бир муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда. Хитойнинг "Qingyan Environmental Technology" компанияси томонидан кунига 40 минг куб метр чиқинди сувни тозалаш қувватига эга замонавий иншоот қурилмоқда.
Мазкур мажмуа нафақат сувни тозалаш, балки ҳавони тозалаш тизимлари билан ҳам жиҳозланади. Унда тўртта технологик занжир изчилликда ишлайди ва бу тизим йирик саноат зоналари ҳамда бўёқхоналардан чиқадиган сувни самарали тозалаш имконини беради.
Лойиҳа Европа экологик стандартларига тўлиқ мос бўлиб, чиқинди сувнинг 60 фоизи қайта ишланади. Тизимда ҳосил бўладиган шлам (лой) махсус қуритилиб, электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта фойдаланилади. Бу эса атроф-муҳитга салбий таъсирни кескин камайтиради.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Хитойлик ҳамкорлар иншоотни 15 йил давомида бошқариб, сувни тозалаш, кимёвий ишлов бериш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини тўлиқ ўз зиммасига олади. Бир куб метр сувни тозалаш харажати 1–1,2 АҚШ доллари атрофида бўлиши кутилмоқда.
Қурилиш ишлари 8 ой ичида якунланади. Иншоот фойдаланишга топширилгач, маҳаллий тўқимачилик корхоналари экологик тоза сувдан фойдаланган ҳолда маҳсулотларини халқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.