Бугун 23 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Хитой долларни синдирмоқчи. Уддалай олармикан?

Хитой долларни синдирмоқчи. Уддалай олармикан?

Хитой Халқ Республикаси иқтисодиётида АҚШ долларига қарамлик босқичма босқич бартараф этилмоқда. Чунки миллий валюта юаннинг қадри ошиб боряпти. Хитойдан бу борада нималарни ўрганиш мумкин?

– Бундан бир ярим йил муқаддам Гаунчжоу ҳудудида АҚШ долларини миллий валютага айрибошлай олмадим, – деб ёзади Георгий Зотов "Аргументы и факты" газетасининг 2019 йил, 20-сонида. – Махсус кўрсатма бўлмагунча, қабул қилмаймиз, дейишди. Меҳмонхонада ҳам чораси топилмади. Натижада, шаҳар бўйлаб алмаштирувчи банкоматларни излаб сарсон бўлдим. Кейинги сафар Москвадан ўзим билан етарли миқдорда юан олиб келдим.

Ҳозир ХХР чет эл валютасини юанга алмаштириш борасида қатор талаблар қўйган. Қандай йўл билан бўлмасин, долларни муомаладан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Бугун Россия ҳам ўзининг долларга бўлган қарамлигини бартараф этишга интиляпти. Хўш, Хитой бунга эришган бўлса, қандай қилиб уддалади?

Биринчи қадам: ИМПОРТНИ ТЎХТАТИШ ЗАРУР

Бу юртга келишингиз билан шундай хулосага келасизки, гўё дунёда юандан бошқа пул йўқдек. Энг бадавлат, халқаро сармоядорлар ҳам бойлигини долларда ҳисобламайди. Ҳатто "Air China" авиакомпанияси чипта нархларини миллий валюта – юанда белгилайди. Барча халқаро аэропортлар юан ҳисобида хизмат кўрсатади. Саёҳатга чиққан хитойликлар доллар олиб юрмайди. Таиланд, Туркия ёки Индонезияга отланган саёҳатчилар ҳамёнидан фақат юан чиқади. Чунки барча давлатларда юанни миллий валютага бемалол алмаштириш мумкин.

Энг муҳими, на ҳукумат, на халқ миллий пул бирлиги барқарорлигидан хавотир олади. Келгусида пул қадрсизланиши мумкин, деган ўй улар учун ёт. Долларга ҳеч ким навбатда турмайди. Ноқонуний валютафурушлик ҳолати ҳам учрамайди.

1998 йилда бир доллар 8,30 юанга тенг бўлган. Бугунги курс – 6,73. Демак, АҚШ долларининг қадри тушмоқда. Таққос учун Россия рубли бу даврда 10 баробар қадрсизланди. Ҳақиқатан ҳам хитойликларга ҳавас қилса арзийди.

Хитой импортни умуман тўхтатди, асосий омил шу, – дейди шанхайлик молия консультанти Вэй Лунван. – Агар беш йил муқаддам Россия Fарбдан миллиардлаб долларлик маҳсулот олган бўлса, ХХР кўп йиллардан буён озиқ-овқат ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчилик қилмоқда. Хитойда балиқ овлаш ва қайта ишлаш саноати ривожланган. Олма ва сабзавот етиштириш йил сайин ошяпти. Ҳозир чет элдан фақат гуруч сотиб олинади. У ҳам юанда, долларда эмас! Хитой ҳудуди Россияга нисбатан икки баробар кичик. Боз устига чорва боқиш учун қулай эмас. Аммо телефон, телевизор, кир ювиш машиналари ишлаб чиқаришда етакчилик қилади. Дунёнинг етакчи автомобиль заводлари мамлакат ҳудудида фаолият юритади. Шу омил сабаб ўз автомобиль саноатини ҳам қисқа муддатда йўлга қўйди. Ҳозирги кунда АҚШ ва Японияни бирга қўшиб ҳисоблаганда ҳам улардан кўп автомобиль ишлаб чиқаряпти. Буларнинг барчаси Хитойда чет эл валютасининг муомалада бўлишига эҳтиёж қолдирмади.

Иккинчи қадам: ХАЛҚ ФРАНКЛИННИ ТАНИМАСИН

– Шанхайдалигимда кичик тадқиқот ўтказмоқчи бўлдим, – деб ёзади журналист Георгий Зотов. – Аввало, бир маълумот. Хитойда доимий яшаб, қонуний бизнес билан шуғуллансангиз валюта алмаштириш ҳуқуқига эгасиз. ХХР фуқаролари эса йилига эллик минг долларгача сотиб олиши мумкин. Бу фақат ёзиб қўйилган қонун. Ҳар сафар бир талай ҳужжатларни тўлдириш, ўнлаб мутасаддига имзо ва муҳр қўйдириш... Бу тартиб кишини бездиради. Ҳукумат гўё АҚШ доллари мамлакатда кераксиз, деган фикр уйғотишга уринади. Нима қилиб бўлса ҳам, долларни хитойликлар турмуш тарзидан, кундалик муомаласидан чиқариш чора-тадбирларини кўряпти.

Хуллас, кичик тадқиқотимга қайтаман. Ёнимда юан кам қолибди, деган баҳона билан таксичига 10 доллар бердим. У чет эл пулини кўз олдида бир неча бор айлантириб кўрди. Сўнг оғир хўрсиниб, ҳисоблагични ишга туширди. Тўғри банкка олиб борди ва деди:

– Кириб, қўлингдаги нотаниш одам тасвирланган пулни алмаштириб чиқ.

Учинчи қадам: ҒАЛАТИ РЕЖА

Пекинлик иқтисодчи Сунь Хэбэйнинг таъкидлашича, Хитой фақат АҚШ билан савдо алоқасидан 350 миллиард фойда олади. Бу пуллар халқ фаровонлигига сарфланади. Қаранг, сўнгги ўн йилда Хитойда қанча ўзгариш юз берди. Тезюрар поезд йўналишлари, йўллар, аэропортлар. Яна мегаполислар, минглаб турар жой бинолари, маиший савдо объектлари барпо этилди.

Эсласак, расмий Пекин 2014 йилгача АҚШ долларини давлат захирасига йиққан. Энди ушбу маблағни чет элдан инвестициялар сотиб олишга сарфлаяпти. Режага кўра, халқаро савдода АҚШ долларидан воз кечиш биринчи ўринга қўйилмоқда. Шу йўл билан Хитой АҚШнинг оғир иқтисодий санк­цияларидан қутулиб кета олади. Бу ўз ёғига ўзини қовуриш, дейилади.

Бундай методи ҳақида узоқ баҳс­лашиш мумкин. Бироқ, АҚШ доллари Хитойга барибир керак. Ҳар ҳолда ҳозирча шундай. Триллион доллар (!) миқдордаги Америка облигацияларини ўзида сақлаб тургани бежизмас.

Киритилди: 14:27 29.05.2019. Ўқилди: 3607 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!