«Барселона»нинг собиқ мураббийи ва футболчиси Хави Эрнандес бўлажак «Олтин тўп» соҳиби сифатида кимни кўришини маълум қилди. Испаниялик мутахассис ушбу нуфузли совринни «кўк-анорранглилар»нинг 18 ёшли юлдузи Ламин Ямалга «топширди».
«Ким «Олтин тўп»ни ютади? Ямал», — дея мураббийнинг сўзларидан иқтибос келтиради The Touchline.
Эслатиб ўтамиз, айнан Хави қўл остида вундеркинд 15 ёшида «Барселона»нинг асосий жамоасида дебют қилганди. Ўтган йили вингер «Олтин тўп» сўровномасида иккинчи ўринни эгаллаб, фақат «ПСЖ» вакили Усмон Дембелега имкониятни бой берганди. Хави каталонияликлар гранди бош мураббийлигини икки йил аввал тарк этган ва ўшандан бери фаолиятида танаффус қилмоқда.