Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор матнида ўткир ва мураккаб касалликларни даволашда халқ табобати муҳим аҳамият касб этади, табибларнинг хизматларига аҳолининг турли қатламларида катта эҳтиёж сезилаётгани қайд этилган.
Шу билан бирга, ушбу соҳадаги вазиятнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, халқ табобати йўналишида кўрсатилаётган тиббий хизматларда назоратнинг етарли даражада эмаслиги, шунингдек, халқ табобатининг замонавий тиббиёт тизимида тутган мақоми ва роли хусусида қатор саволлар юзага келаётгани санаб ўтилган.
Президент қарорида халқ табобати фаолиятини тартибга солиш, тўпланган тажриба ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда халқ табобатининг усуллари ва ютуқларидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш мақсадида қуйидагилар белгиланмоқда:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган талабларни, шунингдек, хизмат кўрсатиш ҳажми ва тартибини белгиловчи ваколатли орган ҳисобланиши белгилаб қўйилмоқда.
Қарорда халқ табобатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақомини ва улар томонидан кўрсатилган хизматлар оқибати учун жавобгарлигини белгилаш; халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибаси, кўрсатадиган хизмат турлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини шакллантириш; кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда аҳолига тиббий хизматдан фойдаланишда онгли равишда танлаш имкониятини яратиш учун халқ табобатининг кўп йиллик кўникмалари ҳамда амалиётда тасдиқланган ижобий ютуқларини замонавий тиббиётга интеграциялаш орқали унинг салоҳиятидан фойдаланиш; халқ табобати соҳасида етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик қилиш асосида халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг таклифига кўра:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
2018 йил 15 ноябрга қадар давлат таълим стандартларининг талаблари асосида халқ табобати бўйича ўқув дастурини ҳамда халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган биноларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларини ишлаб чиқади ва ўрнатилган тартибда тасдиқлайди;
2018 йил 1 декабрга қадар халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолиятни амалга оширишда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан, тиббий техникага нисбатан минимал талабларни; Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқлайди.
Manba: 7news.uz