Гўзал манзара: 2024 йил июнь ойи, «Реал» мухлислари бахтдан сархуш ва том маънода Винисиус Жуниорни қўлларида кўтариб юришибди. «Реал» эндигина 15-марта Чемпионлар лигасини қўлга киритди, Винисиус эса финалда «Боруссия»га қарши ўйинда голлардан бирини урди. Ўша пайтда бразилиялик футболчи «Олтин тўп»га асосий даъвогар. Унинг «Мадрид»даги келажаги мусаффо кўринади: олдинда «Бернабеу»нинг мутлақ афсонаси мақоми — Альфредо Ди Стефано ёки Криштиану Роналду каби баҳссиз даража.
Орадан бир ярим йил ўтди. Винисиус «Реал» сафида кетма-кет 17 та ўйинда гол ура олмади — ўтган дам олиш кунлари «Севилья»га қарши (2:0) ўйинни голсиз тарк этди. 83-дақиқада жанубий америкалик вингер алмаштирилаётганида «Бернабеу»ни мухлисларнинг ҳуштаги қулоқни қоматга келтирди. Вини эса мухлисларга инстаграм орқали жавоб қайтарди: аватаркасини мадридчасидан бразилия байроғига алмаштирди ва битта кўп нуқтадан иборат пост жойлади. Манзара аниқ: манфаатдор томонлар ўртасида зиддият бор. Мухлислар Жуниорнинг сўнгги баҳслардаги ўйинидан норози, футбочлининг ўзи эса унга нисбатан муносабат ноҳақ ва ҳаддан ортиқ қаттиқ деб ҳисобламоқда.
Буларнинг барчаси Килиан Мбаппенинг «Реал»да асосий суперюлдуз сифатида тўлиқ шаклланиши фонида кечмоқда. Расмий баёнотларда Хаби Алонсо жамоасида «суюклилар» ҳам, «дахлсизлар» ҳам йўқ, дейилади. Аммо амалда «Мадрид»да бундай ўйинчи бор — унинг фамилияси Мбаппе. Винисиусни эса Чемпионлар лигасининг биринчи турида «Марсель»га қарши ўйинда захирада қолдириш мумкин. Класикода эртароқ алмаштириб, истерикага ҳам олиб келиш мумкин.
Ростдан ҳам, Винисиус шахс сифатида жуда қизиқ йўлни босиб ўтди. У ўз авлодининг энг иқтидорли футболчиси эмасди — Неймар каби эмас, лекин барибир энг юқори чўққига чиқди. Қисман Криштиануга хос қайсар эго туфайли, қисман эса омад сабаб. Роналду кетиб, Мбаппе келгунича «Бернабеу»да юлдузлар бўшлиғи ҳосил бўлди ва кечагина иккинчи план актёрлари олдинги сафга чиқди (Бензема ва Вини — энг ёрқин мисоллар). Карим мутлақо ҳақли равишда «Олтин тўп»ни ютди, Жуниор эса уни қўлида тасаввур қилиб бўлганди. Аммо мукофот кутилмаганда Родрига берилди. Шундай кўринадики, айнан шу пайтда бразилияликнинг эгосида ёриқ пайдо бўлди — Мбаппе трансфери эса уни батамом синдирди.
Ҳозир Винисиус мураккаб чорраҳада турибди. У асабийлашиб, «Бернабеу»дан юз ўгириб, Саудия Арабистонига йўл олиши мумкин — у ерда унга Роналдуча шуҳрат ва 2034 йилги ЖЧнинг асосий рамзи бўлиш таклиф этилмоқда. Йўл-йўлакай Пирс Морган подкастига чиқиб, барча шикоятларини айтиб олиши ҳам мумкин: ёлғончи журналистлар, «Месталья»даги ирқчилар, догматик Алонсо ҳақида. Бу йўлни танласа, Жуниор «Реал»нинг сўнгги тарихидаги энг ёрқин футболчилардан бири бўлиб қолади ва йиллар давомида тўплаган мухлислар ядросини сақлаб қолади. Қандай бўлмасин, Чемпионлар лигаси финалларида урилган икки голни ундан ҳеч ким тортиб ололмайди.
Аммо иккинчи вариант ҳам бор. Унда Винисиус Мбаппенинг тахтга муносиб эканини тан олади ва Алонсо тизимида «иккинчи даражали» бўлишга рози бўлади. Голсиз сериялар ва трибуналар ҳуштагига қарамасдан, аввалгидан ҳам кўпроқ меҳнат қила бошлайди. Захирага олинса — тинчгина, маломатсиз, кўзёшсиз майдонни тарк этади. Қисқаси, Вини осмонларда парвоз қилмай, оғир меҳнат қилувчига айланиши керак. Футбол координаталари тизимида у Килианга қараганда Карвахалга яқинроқ эканини англаб, шуни қабул қилиши лозим. Ҳа, «Олтин тўп»ни ютиб, юлдузлар сафига кириш насиб этмади. Лекин «Реал»нинг асосий ротациясида бўлишнинг ўзи ҳам — мутлақ кўпчилик футболчилар учун етиб бўлмас улкан ютуқ.
Бу айнан кичик Вини орзу қилган манзара эди. Аммо бу йўлга киришга унга инжиқ эго халақит қиляпти — бир йил олдин ёриқ тушган, яқинда эса ҳамманинг кўз ўнгида парчаланиб кетган эго.
Синиқларни «ёпиш»га уринаётган Жуниор тобора топ-футболчи сифатида ўзини йўқотиб, ўз-ўзини "кўммоқда". «Агар Родри Еврони ютмаганида?» «Ростдан ҳам Мбаппе мендан кучлироқми?..» каби саволлар уни руҳан парчалаб юбориши мумкин, шунинг учун уларни тўхтатиши керак. Шунда тақдир уни албатта мукофотлайди — худди Роналду соясида йиллар давомида қолиб, кейин тўсатдан биринчи скрипкага айланган Бензема билан бўлгани каби. Бу бироз асабий йўл, лекин ҳақиқий чемпион йўли фақат шундай бўлади.
Ҳеч нарса чиқмаётганда ҳам сабр қилиш ва олдинга юриш. Ўз имкониятларингни реализация қилиш, бошқалар статистикаси билан бош қотирмаслик. Шу йўлни танласа, Винисиус мухлислар билан ярашади ва фаолияти охирида ҳурмат билан кузатишларига сазовор бўлади.
Винисиус қайсини танлайди — мадридча асаббузарликни ёки арабча хотиржам ҳаётни — буни яқин орада билиб оламиз. Унинг «Реал» билан шартномаси 2027 йил июнида тугайди, Флорентино Перес эса ҳозирча янги битим таклиф қилишга ошиқмаяпти. Сабаби, бразилиялик ўйинчи ўзини Роналду даражасида — йилига тахминан 30 миллион евро маош билан баҳолаяпти. Чорраҳа айнан шу ердан бошланади: ё Вини қасд билан «Криш»ни қувишни давом эттиради, ёки енг шимариб, жимгина меҳнат қилишга ўтади.