Футбол бўйича Испания Суперкубоги ярим финали доирасида «Атлетико» клуби «Барселона»ни мағлубиятга учратди (3:2).
Мазкур жамоалар ўртасидаги ўйин биринчи бўлимидан кейин кичик жанжал юзага келди.
Барчаси вазиятларнинг бирида «Барселона» ҳимоячиси Хорди Альба «Атлетико» ҳужумчиси Жоау Феликснинг юзига тегиниши билан бошланди.
Ушбу ҳолатдан кейин учрашув ҳаками Хосе Луис Гонсалес Гонсалес биринчи бўлим якунланганини маълум қилди. Сўнгра «Барселона» етакчиси Лионель Месси португалиялик футболчининг олдига борди ва улар ўртасида тортишув юзага келди.
Бу орада Феликснинг ёнига каталонлар ҳужумчиси Луис Суарес келган ва рақибига бир нималарни тушунтирмоқчи бўлган. «Атлетико» ҳимоячиси Стефан Савич эса уругвайлик футболчини вазиятга аралашмасликка чақирган ва улар ўртасида жанжал чиққан. Якунда ҳакам Суарес ва Савични сариқ карточка билан жазолади.