Бугун 4 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

Ўзбошимчалик қандай жиноятлигини биласизми?

A A A
Ўзбошимчалик қандай жиноятлигини биласизми?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра, ўзбошимчалик, бошқарув тартибига қарши жиноятлар туркумига мансуб бўлиб, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлган жиноятни содир қилишда ўз ифодасини топиб, мазкур жиноятни содир қилган шахсга нисбатан қонунда, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорида жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолаш назарда тутилган.

Ушбу жиноятнинг объекти давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бир меъёрда фаолият олиб бориши, ҳуқуқий тартибот ва қўшимча объект сифатида шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳамда давлат ва жамиятнинг қонунда белгиланган тартибда, виждонан ва ақл-идрок билан амалга оширилиши лозим бўлган ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятлар соҳасидаги  манфаатлари ҳисобланади.

Жиноятнинг объектив томони айбдорнинг ҳаракатларини, муайян оқибат келиб чиқишини ҳамда улар орасида сабабий боғланишни тавсифловчи  қатор белгилардан иборат.

Ўзбошимчаликни содир этиш вақтида айбдор ўзича, яъни қонун томонидан берилган бирон-бир ваколатсиз ҳаракат қилади ёки айбдор ҳуқуқий ҳужжат ёки шартномага биноан ҳаракат қилиши шарт бўлганда, қонуний ҳужжат билан ўрнатилган бирор ҳуқуққа эга бўлиш ёки уни амалга ошириш  тартибини бузган ҳоллардаги хавфсизлиги тушунилади.    

Айтиш жоизки, айрим ҳолларда ҳуқуққа эга бўлиш ёки ундан фойдаланишнинг ўрнатилган тартибини бузиш бошқа бир мустақил жиноятлар таркибини юзага келтириши мумкин: фуқароларнинг турар жой дахлсизлигини бузиш, фуқапроларнинг  мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва ҳоказолар. Бу ҳолда айбдор шахсларнинг  ҳаракатларини Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича  квалификация қилиш зарур.

Ўзбошимчалик жинояти объектив томонининг муҳим белгиси бўлиб, шахс томонидан айни ўзининг  ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқлдарини  амалга оширишга қаратилган ҳаракатларни бажариш тушунилади.

Ҳақиқий ҳуқуқ — шахсга қонун ёки бошқа норматив ҳужжатга асосан тегишли бўлган, лекин белгиланган  тартибга риоя қилмаган ҳолда амалга оширилган ҳуқуқ. Масалан, жабрланувчини қарзини қайтариб беришга мажбур этиш мақсадида бировнинг мулкини ўзбошимчалик билан тортиб олиш.

Фараз қилинган ҳуқуқ — бу шахс томонидан хато тарзда ўзига қонуний равишда тегишли, деб ҳисобланадиган, лекин қонунга мувофиқ унга тегишли бўлмаган  ҳуқуқ. Масалан, бировнинг квартирасига кўчиб келиш.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ва жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказиш ўзбошимчалик объектив томонининг зарурий белгисидир.

Етказилган зиённинг жиддийлиги ҳар бир ҳолда содир этилган жиноятнинг алоҳида ҳолатларини назарда тутиб аниқланади. Масалан, жиддий зиён деб фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилиши, фуқарони турар жойдан фойдаланиш имконидан махрум қилиш, соғлиқнинг ёмонлашувини келтириб чиқарган тан жароҳатлари етказиш кабилар тан олиниши мумкин.

Кўп миқдорда зарар деганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар тушунилиши лозим.

Кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказмаган ўзбошимчалик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддасига мувофиқ, маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради. 

Ўзбошимчаликнинг субъектив томони ўзбошимча ҳаракатларга нисбатан тўғри қасд ва фуқаролар, давлат ҳамда жамият ҳуқуқ ва манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён келтирган оқибатларга нисбатан қасд ёки эҳтиётсизлик билан тавсифланади.

Ўзбошимчалик субъектив томонининг зарурий белгиси унинг ўзичалигидир, берухсатлигидир: айбдор қонунинг ёки шахснинг рухсатисиз ёки белгиланган тартибга хилоф равишда ҳаракат қилаётганини  ва бу билан фуқаролар, давлат ва жамиятнинг ҳуқуқ ва манфаатларини  бузаётганини  англайди ва шундай ҳаракатларни содир этишни хоҳлайди.

Жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган  ақли расо шахс бўлиши мумкин.    

Ўзбошимчалик жиноятининг жамият учун хавфлилиги шундаки, ўзбошимчалик бошқарув тартибига салбий таъсир кўзрсатиши, уни издан чиқариши, боз устига фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари шунингдек, жамоат манфаатларига жиддий зиён етказиш хавфини келтириб чиқаради.

 

Х. ҚУРБОНОВА,

Мустақил тадқиқотчи                                                    

 

Киритилди: 19:50 12.03.2020. Ўқилди: 4916 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!