Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, энергия ресурслари, жумладан, табиий газга бўлган ички талабни барқарор қондириш ҳамда иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, иқтисодиёт ва аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани янги захираларни аниқлаш, мавжуд конлар самарадорлигини ошириш ва янгиларини ишга туширишни тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг олдига соҳада натижадорликни тубдан ошириш ва замонавий ёндашувларни жорий этиш вазифалари қўйилган.
Тақдимотда қайд этилганидек, 2025 йилда жамият корхоналари томонидан 25,2 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқарилиб, 56 та янги қудуқ бурғиланди, 29 та қудуқ мукаммал таъмирланди.
2026-2027 йилларда табий газ чиқариш ҳажмини барқарор даражада таъминлаш, 300 дан ортиқ геологик-техник чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Тақдимотда бунинг учун амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар тўғрисида ахборот берилди.
Жумладан, геология-қидирув ва геологик-техник тадбирлар самарадорлигини ошириш, захираларни кўпайтириш ва қазиб чиқариш ҳажмларининг барқарорлигини таъминлаш, харидлар тартиб-таомилларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, газни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, жамият ва унинг корхоналарини молиявий соғломлаштириш чоралари кўрилади.
Компания фаолиятида операцион самарадорликни ошириш, хусусан, соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш, ҳомийлик тўловларини тўхтатиш ҳамда харажатларни мақбуллаштириш орқали молиявий барқарорликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилиши қайд этилди.
Ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, соҳада сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, ички назорат ва комплаенс тизимини кучайтириш, молиявий активлар ҳаракатини назорат қилиш, коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалалари жамият фаолиятининг муҳим устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Давлатимиз раҳбари белгиланган вазифалар ва режалаштирилган барча тадбирлар ижросини аниқ ҳисоб-китоб, қатъий интизом ҳамда шахсий жавобгарлик асосида таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Тақдимотда геология-қидирув ишларини олиб бориш жараёнида, шу жумладан Сурхондарё вилоятида қайд этилган техноген ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтилди. Бундай ҳолатлар янги истиқболли майдонларни излаш, қудуқларни чуқур бурғилаш ва геологик қатламларни ўрганиш жараёнларининг табиий таркибий қисми бўлиб, улар дунё амалиётида ҳам кўп учраб туради. Юртимизда бундай вазиятларда тегишли чоралар кўриб борилаётгани таъкидланди.
Президентимиз мутасаддиларга геологик тадқиқотлар олиб борилаётган ҳудудларда доимий мониторингни кучайтириш, замонавий назорат технологияларини жорий этиш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан кўрсатмалар берди.