Мавсумнинг энг кутилган маданий тадбирларидан бири 23–25 октябрь кунлари Тошкентда ва 27 октябрда илк бор Урганчда ўтказилади.
XI Европа кинофестивали дастуридан чуқур драматик ҳикоялар ва биографик асарлардан тортиб, ҳужжатли фильмлар ҳамда анимацияларгача бўлган 11 та асар ўрин олган бўлиб, улар Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида намойиш этилади. Бундан ташқари, 28 октябрь куни Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда талабалар учун қисқа метражли фильмлар намойишини ташкил этади. Шунингдек, Moc Hub маданий маконида кенг жамоатчилик учун фильмлар тақдим этилади.
Кинофестиваль учун Кипр, Франция, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения элчихоналари ўз фильмларини тақдим этди. Шунингдек, тадбирни ташкиллаштиришда Гёте институти ҳамда Тошкентдаги Франция альянси фаол иштирок этмоқда. Бир қатор асарлар миллий ва халқаро кино мукофотлари совриндорлари ҳисобланади.
Фестиваль 2013 йилдан буён ҳар йили Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси томонидан Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган Европа мамлакатлари элчихоналари билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги кўмагида ташкил этиб келинмоқда.
Барча намойишлар бепул. Фильмлар асл тилида, ўзбек ва/ёки рус тилларидаги субтитрлар билан намойиш этилади.
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройи (Навоий шоҳ кўчаси, 15)
2026 йил 23 октябрь
11:00 — «Киприк қоқишни унутманг» (Литва) 16+
Оилавий муносабатлар, фарзандликка олишдаги мураккабликлар ҳамда ғамхўрлик ва назорат ўртасидаги нозик чегара ҳақида ҳикоя қилувчи психологик драма.
14:00 — «Қор қоплонини қидириб» (Франция) 12+
«Сезар» миллий мукофоти совриндори бўлган мазкур ҳужжатли фильм энг тутқич бермас йиртқич — қор қоплонини излашга бағишланган. Томошабин ёввойи табиат фотографи Винсент Мюнье ва ёзувчи Сильвен Тессон билан биргаликда қор қоплонининг макони бўлмиш совуқ ва қаҳратон Тибет тоғлигига жасоратли саёҳатга отланади.
18:00 — «Эннио» (Италия) 12+
Илк бор жаҳон кинематографияси афсонаси — маэстро Эннио Морриконе ўзи кадрда намоён бўлиб, ҳужжатли фильмнинг бош қаҳрамонига айланди. «Эннио» — муаллифнинг архив материаллари, нодир концерт ёзувлари ҳамда машҳур ҳамкасблари ва дўстларининг буюк бастакор ҳақидаги самимий суҳбатларини ўзида жамлаган автобиографик ҳикоядир.
2026 йил 24 октябрь
11:00 — Василис Михаилидис — «Яширин шамоллар» (Кипр) 12+
Кипрнинг энг машҳур миллий шоири Василис Михаилидис ҳақидаги ҳужжатли фильм. Атоқли шоир ва рассом замондошлари ҳамда келгуси авлодлар учун бой ижодий мерос қолдирди.
14:00 — «Ника» (Словения) 16+
Картинг пойгалари олами билан яшайдиган ўжар ўсмир қиз ҳақидаги спорт драмаси. Тезликка бўлган иштиёқ автоҳалокатда Никанинг отасини ҳаётдан олиб кетган бўлиб, бугунги кунда ушбу фожиа унинг онаси билан муносабатларига кучли таъсир кўрсатмоқда. Оила осойишталиги эса эрксевар ва қайсар Никанинг орзуси сари йўлига ғов бўлмоқда.
18:00 — «Момиқ айиқча ҳаётидан бир кун» (Греция) 14+
Баъзида кимдир ташлаб кетган юмшоқ айиқча танишув учун сабаб бўлиши мумкин. Икки бутунлай бошқа олам — хитойлик скрипкачи Лю Цзиньси ва юнон меъмори Панос ўзига хос муҳитга эга Шанхай бўйлаб узоқ романтик сайр қилиш учун тасодифан учрашиб қолишади.
2026 йил 25 октябрь
11:00 — «Агар мен йўқ бўлсам-чи» (Люксембург) 16+
Ўрта ёш инқирози ҳақидаги Европа трагикомедияси. Матье исмли бош қаҳрамон иш ва оиладаги тинимсиз босимдан чарчаб, ҳаётини тубдан ўзгартиришга қарор қилади. Муайян ёш довонидан ўтгач, у ўрмонда, танҳоликда яшаб, ўз ҳаётини қайта англашга интилади.
14:00 — «Уля» (Латвия) 12+
Афсонавий латвиялик баскетболчи, икки карра Олимпия чемпиони Ульяна Семёноvanинг ёшлигига бағишланган биографик бадиий фильм. Фильм 2026 йил сентябрь ойида катта экранларга чиқди ва мамлакат тарихида энг кўп томошабин тўплаган Латвия фильмларидан бирига айланди.
18:00 — «Юридик факультет жамоаси» (Руминия) 18+
Фильм Михай Адриан Хотканинг шу номли китоби асосида суратга олинган бўлиб, биринчи курсданоқ қадрдон бўлиб кетган етти нафар ҳуқуқ факультети талабаси ҳақида ҳикоя қилади. Йиллар ўтиб тобора мустаҳкамланган бу чин дўстлик жиддий синовга — «тўда аъзолари»дан бирининг қизининг хасталигига дуч келади.
Худойберган Девонов номидаги кинотеатр
2026 йил 27 октябрь
11:00 — «Боғдаги қайиқ» (Франция ва Люксембург) 12+
Ушбу анимацион фильм урушдан кейинги йилларда ёш қаҳрамон Франсуанинг қизиқарли катта ҳаётга қадам қўйиш даври ҳақида ҳикоя қилади. Унда ота-онаси билан биргаликда оилавий боғларида машҳур денгизчи Жошуа Слокамнинг елканли кемасининг айнан нусхасини қуриш улғайиш рамзига айланади. Мазкур оилавий ижодий жараён унинг ўз йўлини топишига асос бўлади.
14:00 — «Карла» (Германия) 16+
Немис драмаси томошабинни 1962 йилги Мюнхенга олиб боради. 12 ёшли Карла Эбель отасининг шафқатсиз тарбиясига чидашни истамай, уйдан қочиб кетади ҳамда паноҳ ва ҳимояни ўз оиласи даврасидан эмас, полициядан излайди.
16:30 — «Момиқ айиқча ҳаётидан бир кун» (Греция) 14+
Баъзида кимдир ташлаб кетган юмшоқ айиқча танишув учун сабаб бўлиши мумкин. Икки бутунлай бошқа олам — хитойлик скрипкачи Лю Цзиньси ва юнон меъмори Панос ўзига хос муҳитга эга Шанхай бўйлаб узоқ романтик сайр қилиш учун тасодифан учрашиб қолишади.
Батафсил дастур ва фильмлар намойиши жадвали билан Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи Делегациясининг расмий саҳифасида танишишингиз мумкин.