Бугун 15 июль, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистонда гуар ўсимлиги етиштирилмоқда

A A A
Ўзбекистонда гуар ўсимлиги етиштирилмоқда

Қишлоқ хўжалиги миллий иқтисодиётимизнинг ҳаётий муҳим тармоқларидан бири. Тизимда истиқболли, ноанъанавий қишлоқ хўжалик экинларини интродукция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ва Россия давлат Қишлоқ хўжалик вазирликлари ҳамда мазкур йўналишдаги ташкилотлар саъй-ҳаракати туфайли яқиндан бошлаб мамлакатимизда гуар ўсимлигини етиштириш йўлга қўйилди. Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтининг Мойли ва толали экинлар илмий-тажриба станциясининг тажриба даласида етиштирилаётган мазкур ўсимлик муҳим хусусиятлари билан ноёб саналади.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йилда республикамиз учун янги бўлган гуар ўсимлиги илк бор интродукция қилиниб, тажриба-синов ишлари бошлаб юборилди, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти директори Зафаржон Зияев. – Ноёб хусусиятли гуар дуккакдошлар оиласига мансуб ва бир йиллик ўсимлик. Пишиб етилмаган дуккаклари сабзавот сифатида, пишган дони озиқ-овқат, кондитер саноатида кенг фойдаланилади. Шунингдек, пояси ва дони чорва, парранда учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Тупроқ унумдорлигини оширишда эса сидерат сифатида қўлланилади.

Қолаверса, гуар ўзининг фойдаланиш кўлами бўйича нефт-газ ва геология тармоқларида жуда манфаатли ҳисобланади. Экспортига бўлган талаб ҳам жуда юқори.

Ўсимлик қурғоқчиликка чидамли ва асосан Шимоли-ғарбий Ҳиндистон, Покистон, Судан ва АҚШнинг жанубий қисми каби субтропик минтақаларда етиштирилади. Кейинги йилларда Россия Федерациясининг жанубий ҳудудларида ҳам майдони тез суръатда кенгаймоқда.

Гуар асосан саноат экини сифатида етиштирилади, лекин поясининг таркибида протеин миқдори юқори бўлганлиги сабабли у қорамоллар учун ем-хашак сифатида ҳам ишлатилади. Хусусан, ўтган йили гуар сақичига жаҳонда талаб кескин ошди. Гуар нархи, асосан нефть конидаги сланетс газига бўлган талабнинг ортиши туфайли тахминан 230 фоиз ва ундан ҳам кўпроққа ортди.

Натижада энг йирик гуар ишлаб чиқарувчи мамлакат бўлган Ҳиндистонда экспорт 75 фоизга ўсди. Гуар гуми (ГГ) эса озиқ-овқат, косметика, фармацевтика, тўқимачиликда зарур хомашё сифатида катта аҳамият касб этади.

Гуардан буғдой унининг ўрнини босувчи ун тайёрлаш мумкин. Чунки гуар унида глютен йўқлиги аҳамиятли ҳисобланади. Шунингдек, йогурт, майонез, сметана, сут, қатиқ, пишлоқ, соус, кетчуп, тез тайёрланадиган овқат, музлатилган десертлар олишда кенг қўлланилади.

Гўшт ва гўшт маҳсулотларида қўшимча тўлдирувчи озуқа ва ёғ ўрнини босувчи модда сифатида ҳам мазкур ўсимлик муҳим ҳисобланади. Унинг смоласи организмда жуда секин ўзлаштирилганлиги учун инсоннинг тўйимлилик ҳиссини узоқ вақт ушлаб туради.

Ҳиндистонда қадимдан диабет, астма, шамоллаш касалликларини даволашда гуардан кенг фойдаланиб келинади. Гуар ўсимлигини қурғоқчил, сув билан кам таъминланган ва дегродацияга учраган майдонларда ҳам етиштириш мумкин. Унга жаҳон бозорида талаб тобора ортиб бораётир. Шу каби хусусиятларини ўрганган ҳолда гуар ўсимлигини Ўзбекистонда ҳам етиштириш йўлга қўйлди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази томонидан гуар ўсимлигини мамлакатимизда етиштиришни ўрганиш учун Ҳиндистондан гуар уруғлари интродукция қилинди ва турли тупроқ-иқлим шароитларида тажриба-синов ишлари бошланди.

Ҳозир гуар ўсимлигини парваришлаш ва етиштириш агротехнологияси бўйича хорижий услублар ўрганилиб, маҳаллий иқлимга мослаштириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.

Киритилди: 09:29 31.07.2024. Ўқилди: 1849 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!