Бугун 29 сентябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Ўзбекистонда 2024 йилнинг беш ойида қанча ўқувчи ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлгани очиқланди

Ўзбекистонда 2024 йилнинг беш ойида қанча ўқувчи ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлгани очиқланди

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати таҳлил қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, уларнинг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳамда 43 фоизи ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир этилгани маълум бўлган.

Содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 53,7 фоизи пиёда ва велосипедчилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳиссасига тўғри келган.

Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактабларининг 9 548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган ва аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмас, тегишли светофорлар ўрнатилмаган.

Оқибатда 2024 йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олган.

2024 йил 1 январь ҳолатига республикадаги жами 209,3 минг км автомобиль йўлларининг 56,1 минг км қисми ёки 27 фоизи таъмирталаб ҳолатда.

2023 йил ва 2024 йилнинг 5 ой давомида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходимлари томонидан йўл инфратузилмаси билан боғлиқ қарийб 11 минг камчиликлар аниқланган бўлиб, уларни бартараф этиш юзасидан автомобиль йўллари эгаларига жами 5 ярим мингта ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилган.

Автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли 2023 йилда жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган.

Содир этилган 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.

2024 йилнинг 5 ойида эса мамлакат бўйича содир бўлган умумий йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳар 100 минг аҳолига 7,2 тани ташкил этган бир пайтда ушбу салбий кўрсаткич Тошкент шаҳрида 12,8 тани, Тошкент вилоятида 12,2 тага, Наманган вилоятида 9,1 тага ва Фарғона вилоятида 8,4 тага етган.

Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи Самарқанд, Тошкент (80 тадан), Фарғона (69 та), Қашқадарё ва Сурхондарё (53 тадан) вилоятларида ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Киритилди: 07:04 26.06.2024. Ўқилди: 663 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!